Президент Шавкат Мирзиёев меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Оилавий болалар уйлари ҳамда SOS болалар маҳаллаларининг 12 ёшдан катта бўлган 980 нафар тарбияланувчисига Янги йил совғаси сифатида замонавий планшетларни ҳадя қилди. Бу ҳақда Халқ таълим вазирлиги 27 декабрда хабар берди.
Расман билдирилишича, ҳар йилги анъанага кўра, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар учун “Президент арчаси” тадбирлари ўтказилади.
12 ёшгача бўлган болалар учун тайёрланган “Президент совғаси” таркибига ширинликлар, ўқув қуроллари ва Болалар энциклопедиясидан иборат 21 турдаги совғалар киритилган.
20 декабрь куни эрталаб вазирлик “Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига асосан жорий йилда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида таълим муассасалари ҳудудида янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш мумкин эмас”, деб расман билдирган эди.
Ўша куни кечга яқин вазирлик эрталаб тарқатган билдирувига ўзи раддия берди ва умумтаълим мактабларида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар йўқлигини маълум қилди.