OzodDayjest: Ўзбек аёли нега чақалоқфурушлик қилмоқда?

Ўзбекистонлик профессор келин-куёвларни генетик тестлардан ўтказишни таклиф қилди. Чақалоқфурушлик каби ижтимоий иллатнинг илдизлари қаерда? Тошкент маҳаллаларидаги сунъий тўсиқлар автоуловларга зарар етказмоқда.

_____________________________________________________________

Профессор И.Абдураҳмонов: Нуқсонли чақалоқлар туғилиши олдини олиш учун генетик тестларни йўлга қўйиш лозим

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, Геномика ва биоинформатика маркази раҳбари Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатда нуқсонли чақалоқлар туғилишининг олдини олиш учун генетик тестларни жорий қилиш лозимлигини таъкидлади (“Оила даврасида”, 9 ноябрь). “Агар йигитнинг маълум бир гени, масалан, АПО (қон босимини келтириб чиқарувчи ген) генидаги такрорлар сони 44 (яъни касалликка мойил), қизники 34 (соғлом) бўлса, боланики 36-38 атрофида бўлиб, ушбу касалликка мойиллиги отаникидан кам бўлади. Агар келин-куёвники бирдай 44 бўлса, болалари касалликка мойиллик билан туғилади. Шунинг учун келажакда аҳолини соғломлаштириш учун генетик тестларни йўлга қўйиш муҳим қадамдир”, деган профессор И.Абдураҳмонов. Генетик олим, шунингдек, қариндошлар ўртасида оила қуриш зарарли эканини уқтириб, қариндош бўлмаган ота-онадан соғлом ва ақлли фарзандлар дунёга келишини таъкидлаган.

Матбуот: Қаҳатчилик замонида ҳам боласини сотмаган ўзбек аёли нега бугун чақалоқфурушлик қилмоқда?

Ўзбек аёллари орасида тирикчиликни сабаб қилиб ўз чақалоғини сотаётганлар кўпаймоқда (“Ҳуррият”, 8 ноябрь). Мақолада ёзилишича, “Янги туққан аёл ўз хуштори билан келишиб, боласини сотди”, “Воронежда чақалоғини сотмоқчи бўлган жуфтлик Ўзбекистонга чипта сотиб олмоқчи бўлган”, “Чақалоқфуруш раҳбар ва унинг ёрдамчилари қилмишига яраша жазоланди” каби сарлаҳвали хабарларни кунора учраётгани хавотирлидир. Бундай жиноятга қўл ураётган аёллар болажонлиги билан танилган ўзбек халқига иснод келтирмоқда. Қайд этилишича, қирғинбарот уруш йилларида, очлик, қаҳатчилик даврида ҳам ўзбек аёли бола у ёқда турсин, у ётган бешикни ҳам сотмаган. Аксинча, ўз боласи билан бирга етимларни ҳам асраб олган. Мақолада мазкур ижтимоий иллат илдизлари қидирилади.

Тошкентдаги ўркачли йўллар автоуловларга зарар етказмоқда

Тошкент маҳаллаларидаги йўлларда ўзбошимчалик билан сунъий тўсиқлар – дўнгалаклар қилиш кўпайиб бормоқда (“XXI аср”, 9 ноябрь). Бундай сунъий ғовлар орқали транспорт воситалари тезлигини камайтириш мақсад қилинган. Аммо Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, йўлларда ўзбилармонлик билан сунъий тўсиқлар қуриш тақиқланган. Боз устига, бундай тўсиқлар, яъни ўркачли йўллар автомобилларга зиён етказмоқда, баъзида йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш хизмати машиналари ҳаракатига ҳам халал бермоқда. “Айтайлик, бирор кимса йўл ёқасидаги дарахтни ўзбошимчалик билан кесиб ташлолмайди. Аммо нега йўлларга ўзбилармонларча ўркач солаётганларни ҳеч ким тартибга чақирмайди?” дея мутасаддиларни саволга тутади газета.