Тендер? Paynetдан текин фойдаланаëтганлар уни сувтекинга олмоқчи

Озодликка сиздирилган янги ҳужжатлар Ўзбекистондаги энг йирик тўлов тизими PAYNET 2022 йил 1 апрелидан “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖга ТЕКИН фойдаланишга берилганини кўрсатмоқда.

Ушбу ҳужжатлар давлат мулкини текинга олиб¸ ундан миллионлаб доллар даромад кўраëтган айни компания эндиликда PAYNETни "баланс қиймати"¸ содда қилиб айтганда, сувтекинга олишга киришганини кўрсатади.

Жорий йилнинг 24 июнь куни Озодлик давлат тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёни бошлангани ҳақида хабар қилган эди.

PAYNET бренди эгаси UZPAYNET МЧЖнинг 100 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли.

Мавзуга алоқадор Paynet савдоси – Орифжоновдан Гулнорага¸ Гулнорадан давлатга ўтган тўлов тизими яна хусусийлашмоқда

Озодлик суриштируви хусусийлаштириш тендери расман эълон қилинмай туриб¸ PAYNET тўлов тизимининг “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖга берилгани¸ бу МЧЖ акцияларининг назорат пакети эса Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоев оиласига тегишли эканини ўртага чиқарган эди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги мазкур ҳужжатлар туғдирган саволларни яна жавобсиз қолдирди.

Нега ТЕКИН ва нега айнан INSTANT PAYMENT SOLUTIONSга?

PAYNET бош директори Давлат агентлиги раҳбаридан “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖнинг давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномасини кучда қолдиришни сўрамоқда.

PAYNET бош директори Мустафо Абдрахмонов 2022 йил 5 май куни Давлат активларини бошқариш агентлиги директорига ëзган хатида "UZPAYNET МЧЖнинг барча мол-мулки 2022 йил 1 апрелдан тегишли шартномаларга мувофиқ текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖга берилгани"ни таъкидлайди.

Давлат мулкини хусусий шахсларга текинга берилишига асос бўлган "тегишли шартномалар" айнан нималиги хатда айтилмайди.

Мазкур хатда давлат компанияси раҳбари давлат агентлигидан хусусий компаниянинг давлат мулкидан текинга фойдаланишини кучда қолдиришни сўрамоқда.

Бошқача айтганда¸мактуб давлат манфаатини ҳимоя қилиш учун тайинланган директор хусусий компанияга лоббичилик қилаëтганини кўрсатади.

2022 йил 1 апрелидан давлат мулки бўлган PAYNET тўлов тизими ҳеч бир изоҳсиз хусусий “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖга фойдаланиш учун берилди.

Бу ҳақда тижорат банклари “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖдан 29 март куни огоҳлантириш олган бўлса¸ Paynetнинг миллионлаб мижози 7 апрель куни хабар топди. (Тафсилотлар Озодлик суриштирувида)

“INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ акцияларининг 60 фоизи, яъни назорат пакети Швейцарияда рўйхатдан ўтган MBCI MONT BLANC COMMODITIES & INVESTMENTS AGга тегишли.

Нозима Файзибоева Шавкат Мирзиëевнинг президент мактабига қилган ташрифида ҳамроҳлик қилмоқда. 2019 йил 10 сентябрь

Бу компания эгалари эса Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоевнинг қизи Назима Файзибоева ва унинг эри Бахтиëр Маҳкамовдир.

Назима Файзибоева 2019 йил сентябрида Президент таълим муассасалари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

“INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ акцияларнинг 20 фоизи PAYNET асосчиси Ботир Орифжонов¸ қолган яна 20 фоизи эса унинг қариндоши Сардор Комилов Орифжоновичга расмийлаштирилган. (Мазкур компания ва унинг мулкдорларига оид тафсилотлар Озодликнинг аввалги суриштирувида - таҳр.)

Олимжон Файзибоев¸ унинг собиқ ва жорий ҳамкасблари таъкидича¸ президент Шавкат Мирзиëевга "жуда яқин ва жуда садоқатли" давлат мулозимларидан бири.

Давлатга даромад келтириб турган PAYNETнинг нима учун айнан Файзибоев оиласи ва 2009 йилда ўз улушини Гулнора Каримовага сотганини эътироф қилган Ботир Орифжонов мулкдори бўлган компанияга берилгани ҳақидаги Озодлик саволларига Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳозиргача жавоб берган эмас.

PAYNETдан ТЕКИН фойдаланаëтганлар дарҳол уни ТЕКИНга хусусийлаштириш уринишини бошлади

Озодликка сиздирилган ҳужжатлардан иккитаси 2022 йил 1 апрелидан бошлаб PAYNET тўлов тизимидан текин фойдаланаëтган “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ орадан бир ой ўтиб тизимнинг ўзига сувтекинга хусусий қилиб берилишини сўрай бошлаганини кўрсатади.

Дадахоновнинг 5 май кунги хати нусхаси

Озодлик ихтиëрида “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ раҳбари Ботир Дадахоновнинг айни сўров билан 5 ва 7 май кунлари кетма-кет ëзган мурожаатлари нусхаси бор.

Икки кун ичида юборилган хатлар Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияга юборилган.

5 май санаси билан расмийлаштирилган 176-сон хатида жаноб Дадахонов “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ UZPAYNET МЧЖнинг барча мол-мулки ва активларини сотиб олиш имконини ўрганаëтганини" айтади.

Дадахонов ўзи раҳбарлик қилаëтган компания UZPAYNET МЧЖ активларини сотиш бўйича жараëнга алоқадор давлат тизимларига хат орқали қуйидаги "таклиф"ини киритади:

-UZPAYNET МЧЖ мол-мулки қийматининг 35% миқдордаги олдиндан тўловни киритиш;

-Қолган 65% миқдордаги тўловни бир йиллик имтиëзли давр билан 5 йил ичида ҳар чоракда бўлиб тўлаш".

Хатда Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиядан ушбу таклифни "ижобий ҳал этишда амалий ëрдам" сўралади.

7 май кунги иккинчи хатга давлат активларини "баланс қиймати"да сотиб олиш "таклифи" киритилади.

Орадан икки кун ўтиб¸ “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ айни икки ташкилотга қайта мурожаат қилади ва унга аввалги хатда кўрилмаган янги "таклиф"ни илгари суради.

Аввалгисидан қисқа ва кескинроқ руҳда ëзилган бу хатда "UZPAYNET МЧЖнинг активларини баланс қийматида сотиб олиш"да амалий ëрдам сўралади.

Шавкат Мирзиëевнинг 2022 йил 18 март кунги 168-сон қарори билан "UZPAYNET МЧЖ устав капиталидаги давлат улушининг 100 фоизи "Халқ банки"дан Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилди.

“INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ раҳбари " UZPAYNET МЧЖнинг барча мол-мулки ва активларини сотиб олиш" учун кетма-кет таклиф юборган 5-7 майга қадар Давлат активларини бошқариш агентлиги PAYNET сотувга қўйилгани ҳақида ҳали бирор расмий эълон берган эмас.

“UZPAYNET” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушининг хусусийлаштириш жараëни бошланганлиги тўғрисида" расмий эълон Агентлик сайтида 2022 йилнинг 8 август куни қўйилган.

Озодлик ихтиëридаги бу ҳужжатлар аксар улуши Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари оиласига тегишли “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ PAYNET активларини "баланс қиймати"да сотиб олиш махфий уринишини расмий тендер эълон қилинишидан уч ой олдин бошлаганини кўрсатади.

"Баланс қиймати" нима?

Давлатга миллионлаб фойда келтириб турган PAYNET тизимидан жамоатчиликка очиқланмаган "шартномалар" асосида ТЕКИН фойдаланиш ҳаққини қўлга киритган “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS”МЧЖнинг бу компанияни "баланс қиймати"да сотиб олиш "таклифи" нимани англатади?

Озодликнинг бу саволига жавоб берган икки мустақил иқтисодчи¸ "таклиф" моҳияти "Paynetни текинга беринг" ëки "сувтекинга беринг" дейиш билан айни эканини таъкидлади.​

Хат моҳиятини оддий одамга содда қилиб тушунтирсак¸ бу компанияни менга бепулга бер¸ дегани. Чунки бир нечта сервер ва компьютерлар, мебель ва жиҳозларнинг баланс нархи назарда тутиляпти. Корхонадаги уникал IT программалар (дастурлар), ходимларнинг кўникмалари ва малакаси ҳамда бошқа қатор омиллар ҳисобга олинмаяпти. Орадаги фарқ юзлаб ёки ҳатто минглаб баробар бўлиши мумкин.

Бу - бозор муносабатларини бузиш, амалдаги қонунчиликни бузиш дегани. Давлат активларини бошқариш агентлиги "аммасининг моли"ни сотаётгани йўқ. Давлат мулкини, демак, халқ мулкини сотяпти"¸деб жавоб берди Озодлик саволига шахси очиқланмаслигини сўраган ўзбекистонлик иқтисодчи.

Бу мутахассис таъкидича¸ "PAYNET каби компаниялар ҲЕЧ ҚАЧОН баланс қиймати билан сотилиши керак эмас".

"Чунки уларнинг қиймати IT корхоналарига ўхшаб, мижозлар сони ва улардан келадиган ўртача йиллик даромад миқдорида аниқланади (қарзлари чиқариб ташланган ҳолда). Кейин бу корхоналарда лицензиялар бор - уларнинг бозор қиймати ҳам ҳар хил. Хуллас, бу ерда ношаффофлик ва амалдаги хусусийлашитириш қонунчилиги ҳамда амалиётини инкор қилиш нияти кўриниб турибди".

Ўзбекистон Молия вазирлиги собиқ мулозими Сапарбой Жубаев ҳам PAYNET активларини баланс қийматида бериш сўровини бозор қонунларига зид деб ҳисоблайди.

"Бозор қиймати ё биржа, ё тендер, ё аукцион йўли билан, бозордаги талаб ва таклиф таъсирида аниқланади. Бу баҳо баланс қийматидан бир неча марта юқори бўлиши мумкин. Активлари ва пассивлари фарқига, яъни соф фойдага боғлиқ бўлади. Баланс қиймати эса, одатда бухгалтерлик баланс орқали бўлади, кутилаётган даромад ҳисобланмайди".

"Баланс қиймати"да сотиш сўрови ва Ўзбекистон қонунчилиги

Озодлик PAYNET ни хусусийлаштириш жараëнига оид сиздирилган ҳужжатларга ҳуқуқий изоҳ беришни сўраб Тошкентдаги юридик фирмалардан бирига мурожаат қилди.

Ҳуқуқий таҳлил: PAYNET МЧЖнинг INSTANT PAYMENT SOLUTIONS хусусий компаниясига ТЕКИН фойдаланишга берилиши давлат манфаатига ЗИД!

Корпоратив ҳуқуққа ихтисослашган мутахассис ўзи ва компанияси номи ошкор қилинмаслиги шарти билан бу ҳужжатларнинг жорий қонунчиликка қанчалик мос ëки зид эканини ëзма тарзда шарҳлади.

Озодликка юборилган икки саҳифалик ҳуқуқий таҳлилда (чапдаги суратни босиш орқали рус тилидаги таҳлил билан тўлиқ танишишингиз мумкин- таҳр.) мутахассис¸сиздирилган ҳужжатлар PAYNET тўлов тизимини хусусий корхонага ТЕКИНга фойдаланишга беришнинг ўзиëқ "ноқонуний" ва "давлатга молиявий зиëн етказиш" деб баҳоланадиган ҳаракат эканини таъкидлади.

Ҳуқуқшунос таъкидича¸ 1991 йил 19 декабрда кучга кирган "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра¸"асосий фондларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдори(2022 йил 1 июнидан БҲМ 300 минг сўм қилиб белгиланган - таҳр.) нинг юз минг бараваридан ортиқ бўлган корхоналар" фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилади.

Расмий маълумотга кўра¸ устав капитали 378,5 миллион сўм бўлган UZPAYNET соф активлари 2021 йил якунига келиб 71,8 миллиард сўмни, соф фойдаси эса 94,6 миллиард сўмни ташкил этган.

"Капитализацияси базавий ҳисоблаш миқдорининг 240 минг бараваридан ортиқ бўлгани ҳолда уни “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS”​МЧЖга текин фойдаланиш бериш ҳақида президент қарори йўқ ва бу ҳаракат ноқонунийдир"¸ дейилади ҳуқуқшунос таҳлилида.

(Шавкат Мирзиëев PAYNET тўлов тизимини ҳукумат мулозимининг оиласига тегишли хусусий компанияга ТЕКИН фойдаланишга бериш ҳақида бирор махфий қарор чиқарган-чиқармагани Озодликка маълум эмас. Очиқ манбаларда бундай қарор йўқ -таҳр.)

Давлатга даромад келтираëтган тўлов тизимини хусусий шахсларга ТЕКИНга бериш "тижорий концессия" тушунчасини тартибга солувчи қонунчиликка ҳам зиддир¸ дейилади Озодликка тақдим этилган таҳлилда.

Таъкиланишича¸ бундай вазиятда давлат манфаатини ҳимоя қилиши лозим бўлган Давлат активларини бошқариш агентлиги "хусусий шерикни "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги Қонун талабларига кўра ТАНЛОВ асосида танлаши лозим.

PAYNET ни хусусий компанияларга ТЕКИН бериш бўйича танлов ўтказилганини тасдиқловчи бирор маълумот йўқ.

"Ҳозирги вазиятда¸ “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS”​МЧЖ(хусусий) UZPAYNET МЧЖ (давлатга қарашли) мулкидан фойдаланиш орқали олаëтган ҳамма даромади давлатга етказилаëтган зиëн деб баҳоланиши керак. Зотан¸ бу даромадни¸ 2022 йилнинг 1 апрелида UZPAYNET МЧЖ мол-мулки “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS”​МЧЖга берилгунга қадар бўлгани каби¸ давлатнинг ўзи олиши мумкин эди"¸ дейилади Озодликка тақдим этилган мустақил ҳуқуқий таҳлилда.

PAYNET тендери

Давлат активларини бошқариш агентлигининг 8 август кунги баëнотига кўра¸ UZPAYNET активларини "сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган рақобат тамойилларига асосланган хусусийлаштириш механизми орқали амалга оширилади".

UZPAYNET талабгорларига тендерда қатнашиш учун берилган муҳлат 7 сентябрда тугади.

Агентлик UZPAYNET активлари бозор қийматини аниқлаш вазифасини "BAXOLASH VA KONSALTING MARKAZI" МЧЖга топширган. Бу МЧЖ акцияларининг 75% фоизидан кўпроғига эгалик қилувчи "жисмоний шахслар" кимлиги жамоатчиликка маълум эмас.

Жамоатчилик "BAXOLASH VA KONSALTING MARKAZI" МЧЖ UZPAYNET бозор нархини қанчага баҳолаганидан ҳам ҳозирча бехабар. Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқа қатор саволлар каби Озодликнинг бу саволини ҳам жавобсиз қолдирди.

Айни пайтда¸ расмий хабарга кўра¸ ABRAU CAPITAL ва CENTIL компаниялар консорциуми UZPAYNET МЧЖни хусусийлаштириш жараëнига маслаҳатчилик қилмоқда.

Озодликка сиздирилган ҳужжатлар орасида ABRAU CAPITAL консалтинг компанияси 23 август куни Давлат активларини бошқариш агентлигига тақдим қилган 13 саҳифалик конфиденциал ҳужжат лойиҳаси ҳам бор.

ABRAU CAPITAL таъкидича¸ Ўзбекистон финтек бозори энг тез ривожланаëтган дунëдаги 6 давлатдан бири ва ҳозирга келиб аҳолининг 65 фоизи ëки 22 миллиони нақдсиз тўлов хизматидан мунтазам фойдаланади. Қиëс учун бу кўрсаткич Россияда 60 фоизни¸ Қозоғистонда эса¸ 45 фоизни ташкил этади.

ABRAU CAPITAL Ўзбекистон рақамли тўлов бозорининг энг истиқболли бозор экани ва шу боис UZPAYNET МЧЖ активлари учун мамлакат ичкариси ва ташқарисидан жиддий харидор топиш муаммо бўлмаслигини таъкидлайди.

Маслаҳатчи компания хулосасига кўра¸ PAYNET тўлов тизими мамлакатдаги энг кенг тармоқли ва энг кўп танилган бренд экани унга харидор топишни янада осонлаштиради.

PAYNET тизимининг финтек бозоридаги жозибадорлигини таърифлаган ABRAU CAPITAL унинг активлари учун потенциал харидор бўладиган компаниялар рўйхатини тақдим қилган.

Саккиз саҳифалик бу рўйхатга асосан Россия¸ Қозоғистон¸ Ўзбекистондаги банклар¸ тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари¸ жами 39 та компания номи киритилган.

Бу потенциал харидорлардан айнан қанчаси ва қайсилари UZPAYNET активларини сотиб олиш бўйича ўтказилган тендерда қатнашгани ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Давлат активларини бошқариш агентлиги тендерга оид Озодлик саволларини жавобсиз қолдирди.

Озодлик гаплашган мустақил иқтисодчилар¸шунингдек ҳуқуқшунослар¸ PAYNET активларини бозор қийматида сотиш олишга талабгор 40 қа яқин компания бўлгани ҳолда¸ Давлат активларини бошқариш агентлиги “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS”​МЧЖнинг PAYNETНИ "баланс қиймати"да сотиб олиш "таклифи"ни қабул қилса¸ бу "ношаффофлик¸ маъмурий босим ва коррупция"ни англатишини таъкидлади.

Озодлик PAYNET активларини хусусийлаштириш жараëнини яқиндан кузатишда давом этади. Жараëнга оид муҳим маълумотлар¸ қарор ва келишувлар жамоатчиликдан сир тутилмоқда. Бу маълумотлардан хабардор бўлсангиз¸ уларни Озодликка юборишни унутманг. Озодлик шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

  • Электрон почта манзилимиз: ozodlikmail@gmail.com, uzbek@rferl.org
  • WhatsApp / Telegram / Signal +420724740755 | +420602612713