Самарқанд вилоятида фаолият юритиб келаётган “Payariq Claster” МЧЖ пахта маҳсулотлари cавдосида манипуляция ҳаракатларини содир этгани аниқланди, дея маълум қилди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.
Ушбу корхона 2022 йилда 259,1 тонна пахта ёғи, 890,5 тонна пахта шроти ва 418,9 тонна пахта шелухаси, 2023 йилда эса 2250 тонна техник чигитни тўғридан-тўғри шартнома асосида сотган. Ушбу маҳсулотлар биржада сотилмагани оқибатида юқори нарх қўлланиб, жами 1,9 миллиард сўмга яқин миқдорда тафовут вужудга келган.
Ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилиши аломатлари билан корхонага нисбатан иш қўзғатилган ва тегишли таъсир чораси қўлланган.
Рақобат қўмитаси ахборотида манипуляцияга йўл қўйган МЧЖга айнан қандай чора қўллангани очиқланмаган.
Қўмита қайдича, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Kun.uz нашри жорий йил сентябрь ойида Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳудуддаги фермерларни пахта нархини 6800 сўмгача пасайтиришга мажбурлаётгани ҳақида хабар қилганди. Бошқарма пахтанинг бир килограммини 8-9 минг сўмдан етказиб бериш бўйича аввал тузилган шартномалар бекор қилинишини ҳам айтган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу хабарни рад этганди. Айни пайтда вазирлик “жаҳон бозорида пахта толасига бўлган талаб ва таклифнинг ўзгариши натижасида Ўзбекистонда 2024 йилги ҳосилдан пахтанинг жорий нархлари прогноз нархларга нисбатан арзонлашгани”ни эътироф этган.