Озодлик радиоси ва сурхондарёлик блогер мақолалари ортидан Деновда давлатдан қарзи бўлган фермерлар қўлида ишлаган деҳқонларнинг ҳосилини тортиб олиш тўхтади. Фейсбукчи-блогернинг айтишича, деҳқонлар фермердан ижарага олган ердаги ерёнғоғини қарийб йиғиштириб бўлган. 16-18 октябр кунлари бу ҳосилни ҳокимият тортиб олгани кузатилган эди.
Фейсбукчи-блогер Муҳаммад Шакурнинг Озодликка билдиришича, ўз саҳифасида чоп этган блоги ва Озодлик радиосидаги мақола ортидан деҳқонларнинг аҳволи билан қизиқиб турган ва 19 октябрга келиб, уларнинг ҳосилини тортиб олиш тўхтаганидан хабар топган.
- Деҳқонлар "Ҳосилимизни ўзимиз териб олаяпмиз, хурсандмиз", деб хабар беришди. Билдикки, бир кундан кейин, бу нарса барҳам топибди. Тазйиқ ҳам барҳам топган. Куч ишлатар тузилмалари ва Мажбурий ижро бўлими ходимларининг далага бориши тўхтаган. Деҳқонлар ҳозирча хурсанд, - деди блоггер.
Озодлик билан 21 октябр куни микрофонсиз суҳбатлашган деновликлик деҳқон ҳам икки-уч кундан буён деҳқонларнинг ҳосилига тегилмаётгани, даладаги ерёнғоқ қарийб йиғиштириб бўлинганини айтди.
Блоггер 16 октябр куни "мажбурий ижро ходимлари фермерларнинг ерида экилган ерёнғоқни деҳқонлардан олиб, заготзерно деган ташкилотга олиб борилиб тўктиришаётган"ини хабар қилган эди.
Блоггернинг ёзишича, фермерларнинг ерига экилган ерёнғоқнинг эгаси – ушбу ерни гектарига 5 миллион сўм эвазига фермердан ижарага олган оддий деҳқондир. Улар бу ерни иккинчи экинга ишлатиш учун олдиндан пулини тўлаб олган ва экин учун xаражатларни ўзи қилган.
Бу мавзуни 18 октябр куни ёритган Озодлик мухбирига жавобан ерёнғоқ эккан деновлик деҳқонлардан бири, исми айтилмаслиги шарти билан, 3 гектар ерни фермердан ижарага олгани, ҳар гектари учун 2 млн сўмдан тўлаганини, ҳосилни етиштириш учун 20 млн сўм сарфлаганини айтган.
Сурхондарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов ерёнғоқ олиб қўйилаётганини тасдиқлаган:
“Ерёнғоқ билан мош фермер хўжаликлари томонидан ҳар йилгига нисбатан бу йил кўп экилган. Биз ерёнғоқ билан мош ҳосилининг талон-тарож бўлишига йўл қўймаяпмиз. Ҳар бир фермер хўжалигининг дебиторлик, кредиторлик қарзи бор. Ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида ҳамма маблағни фермернинг ҳисоб рақами орқали айлантираяпмиз“.
Муҳими, ерёнғоқ етиштирган сурхондарёлик деҳқонларнинг шу кундаги ташвишлари тўғрисида ёзган фейсбукчи-блогер Муҳаммад Шакурга вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Фейсбук орқали жавоб берди.
Сурхондарёлик блоггер Муҳаммад Шакур мавзуга алоқадор сўнгги мақоласида ҳокимнинг ижтимоий тармоқлардаги ватандошлари мурожаатларига беэътибор бўлмагани ва муҳими, масалани тезкор тарзда ижобий ҳал қилгани учун алоҳида миннатдорчилигини билдирди:
"Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида Деновда кўп яхши ишлар қилинаяпти... Буни эътироф этмоқ лозим. Фақатгина... фермерларнинг ерини ижарага олиб экин эккан оилаларнинг ҳалол меҳнат эвазига етиштирган махсулотлари куч ишлатар идораларини жалб қилган ҳолда олиб кетила бошлаганлиги одамларни тушкунликка тушириб қўйди. Шу билан бирга маълум қиламанки, бугун ҳолат ўзгарди... Эркинжон Турдимовнинг шахсий саҳифаларига қилинган мурожатлар, ҳамда мазкур гуруҳда эълон қилинган постлар ва бошқа манбаларда ҳолатнинг ёритилишига беэътибор бўлинмади. Ўзи ошкораликнинг фойдаси ҳам шу. Эндиги умидимиз – олиб қўйилган махсулотлар ўз асл эгалари – уни етиштирган деҳқонларга қайтариб берилади..."
Блоггернинг илова қилишича, Сурхондарёда фермердан ерни ижарага олиб, иккинчи экин экиш анаъанаси доим бўлган. Деҳқонлар, одатан, пиёз, картошка ва ерёнғоқ экадилар. Озодлик билан суҳбатда ҳокимият вакили айтганидек, бу йил Сурхондарёда рекорд миқдорда ер ёнғоқ етиштирилган.
Иккинчи экинлар, аксар ҳолларда, воҳалик деҳқонларнинг бир йиллик меҳнати эвазига топиладиган асосий ва ҳатто, ягона даромад манбаидир.