Фожиа 5 февраль куни Олтиқариқ тумани Полосон қишлоғида рўй берди. Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, болани боғчадан оладиган одам бўлмагач, боғча опа уни бошқа болаларга қўшиб уйига жўнатган; кечқурун боланинг чавақланган жасади боғчадан бир километр нарида топилган. Қотилликда гумонланиб бир шахс ҳибсга олинган.
Яқинларининг Озодликка айтишича¸ 5 февраль куни ўлик ҳолда топилган қиз Олтиариқ туманидаги 6-сонли боғча тарбияланувчиси 5 яшар Кибриё Ғаппоровадир.
Кибриёнинг ёриб ташланган жасади 5 февраль оқшомида у борадиган боғчадан 8 километр наридаги Оқбўйра қишлоғидан ўтувчи темир йўл ва Фарғона канали кесишган жойдан 5 метр наридан топилган.
Бу ҳақда қизнинг қариндошларидан бири Озодликка гапириб берди:
- Болани танасининг ўнг томони қовурғаси ёрилган, айрим қисмлари мажақланган. Бугун жаназаси бўлаяпти, - деди Кибриёнинг қариндошларидан бири Озодликка 6 февраль куни.
Олтиариқ туманидаги 6-сонли боғча тарбиячисининг Озодликка айтишича, Кибриёнинг ота-оналари ўтган йил август ойида Туркияга ишлагани кетишган, бола бувиси қарамоғида қолган.
Боғча ходималаридан бири Озодлик билан суҳбатда шу куни Кибриёни олгани ҳеч ким келмаганини айтди:
- Унинг амакиваччаларининг болалари ҳам бизни боғчада-да. Улар 6 ёшда. Уйлари боғчага яқин жойда-да. Лекин, билсак болалар уйига етиб бормаган. Қидириб-қидириб катта болаларни топишди, Кибриёни топиша олишмади. Уларнинг айтишича, қандайдир велосипедли эркак боғчадан чиқишлари билан қанд олиб бераман, деб қаергадир олиб кетган. Узоқроқ юришгач, катта болаларга сизлар туриб-туринглар, биз Кибриё билан қанд олиб келамиз, деб олиб кетган. Шу билан қайтмаган. Кечқурун шунақа бўлганини кейин биз эшитдик, - деди 6-сонли боғча ходимаси.
Озодлик мухбири Кибриёнинг Туркиядаги ота-оналарига боғланди. Улар Истанбулдаги текстил фабрикаларидан бирида ишлаши, яккаю-ягона қизининг ўлимини эшитиб, Ўзбекистонга йўлга чиқишгани, ҳозирда гапира олмасликларини айтишди.
Олтиариқ тумани прокуратураси ҳозир мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 98-моддаси - "Қасддан одам ўлдириш" банди бўйича иш очиб, ҳодисани тергов қилмоқда.
Жараëн тафсилотларидан хабардор маҳаллий расмийнинг Озодликка айтишича¸ болаларни катталар ҳамроҳлигисиз уйларига жўнатиб юборгани гумон қилинаётган боғчаопалар ички ишлар бўлимида сўроқ қилинмоқда.
Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораси мулозимининг Озодликка айтишича, болаларга қанд олиб бераман, деб уларни олиб кетган велосипедли эркакнинг кимлиги фоторобот ёрдамида аниқланмоқда.
Ҳозирча қотиллик мотивларига оид аниқ маълумот йўқ. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, экспертиза қизнинг зўрланмагани, тана аъзолари ҳам олинмаганини кўрсатган.
Терговчилар қизни поезд босиб кетган, деган фаразларни ҳам ўрганмоқда.
Озодлик воқеа тафсилотларини ўрганишда давом этади.