Ўзбекистонда кўмирни чапга сотган “жиноий гуруҳ” жарима билан қутулди

Энергетика танқислиги кўмирга эҳтиëжни кўпайтирди

“Ўзбеккўмир” тизимларида олиб борилган прокуратура тафтиши ортидан “жиноий схема тузиб кўмир ўғирлаган” мулозимлар давлат ҳисобига 1,8 миллиард сўм жарима тўлашган. Озодлик манбаларининг айтишича, жаримага тортилганлар "жиноий схемаларга асосланган кўмир олибсотарлигини" давом эттирмоқда. Бу аснода кўмир қазиб чиқариш ҳажми ҳам камайган.

Тошкент вилоятида минглаб тонна кўмирни ўмариб, брикет қилиб сотган гуруҳ жаримага тортилганидан кейин ҳам айни соҳадан четлаштирилмаган.

Бу борада “Ўзбеккўмир” ширкати ишчилари Озодликка хабар йўллашди.

Уларнинг ëзишича¸ “Кўмир ўғирлаб ишдан кетишга мажбур бўлган мансабдорлар ҳам яна айланиб келиб барибир “Ўзбеккўмир” корхоналарининг бирида ёки кўмир атрофида корхоналарда” ишлаб юришибди.

Озодликка маълум бўлишича¸ жорий йил бошида “Ўзбеккўмир” тизимларида кенг кўламда олиб борилган прокуратура тафтиши ортидан “жиноий схема тузиб кўмир ўғирлаган” мулозимлар давлат ҳисобига 1,8 миллиард сўм жарима тўлашган.

Ўтган ой мамлакатни тарк қилган Ангренлик инсон ҳуқуқлари фаоли Дмитрий Тихоновнинг ўз тасарруфидаги молиявий ҳужжатларга таяниб билдиришича¸ мамлакатда кўмир қазиб олиш 2016 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,5 фоизга камайгани жиноий схемалар билан боғлиқ.

- Мен билган битта ҳолатнинг ўзида саксон вагон кўмир ўғирлангани тергов қилинди. Бундай фактлар ўнлаб. Энди ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг ўғирлик кўламини¸- дейди суҳбатдош.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Дмитрий Тихонов билан суҳбат

Қора кўмирнинг қора бозори

Тихонов иддаосига кўра¸ “қазиб олинган кўмирнинг бир қисми давлат тарозисини четлаб ўтиб, қора бозорда сотилган”.

- Азалдан, очиқ кўмир конларидаги ўғирлик катта бўлиб келган ва яқинларгача бу ўғирлик билан конлар яқинида яшовчи аҳоли шуғулланар эди. Аммо бир неча йил олдин конларни қўриқлаш Ички ишлар вазирлигига берилиб кескин кучайтирилди ва аҳоли томонидан ўғирликлар камайди, дейилади, аммо бу билан ўғирлик камаймади. Аксинча бугунги ўғрилар “Ўзбеккўмир” раҳбариятига яқин, кон ва уни қўриқлашга алоқадор одамлардир¸- дея иддао қилади суҳбатдош.

Тихоновнинг айтишича¸ “Давлат тарозисини айланиб ўтган кўмир брикет ишлаб чиқарувчи корхоналарга етказилган”.

- Кўмир ўғирлашнинг янги ва марказлашган схемалари пайдо бўлди. Бу схемага кўра қайд қилинмаган давлат кўмири брикет ишлаб чиқариладиган ҳусусий ширкатларга етказилмоқда. Раҳбарият сифатли кўмирни брикет ширкатларига бериб сифати яроқсиз бўлган кўмирни водий аҳолисига давлат белгилаган нархдан 2-3 баравар қимматга, тарозига тортмасдан, олсанг шу, олмасанг катта кўча, деб ўтказаяпти,- дея иддао қилади Тихонов.

Брикет тужжорлари қўлида кўмир чанги олтинга айланди

Тихоновнинг айтишича, Ангренда иш олиб бораëтган 3та брикет ширкати кўмир чангидан пул қилиш йўлига ўтган:

- Улар ҳеч қанақа брикетни ишлаб чиқариб ҳам ўтирмайди. Кон раҳбарияти билан келишиб юқори сифатли кўмирни кўмир чанги дея расмийлаштириб, арзонга олиб аҳолига сотишмоқда, дейди Тихонов.

Бу гаплар тўғри¸ аммо...

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти эълон қилган сўнгги баëнотга кўра, 2016 йилнинг биринчи ярим йилида жами 806,9 минг тонна кўмир қазиб олинган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,0 фоизга камроқдир.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ кўмир қазилишининг камайгани “Фақат кўмир ўғриларига боғлиқ эмас”.

Манбанинг айтишича¸ “Кўмир ўғрилари давлатга келтирган зиëнни қоплашган”.

- Уларга нисбатан суд кўмир соҳасида ишламасин деб ажрим чиқармаган¸ шу боис уларнинг яна кўмир таъминоти соҳасида ишлашига ҳуқуқий тўсиқ йўқ. Кўмирнинг камайишига ўғирлик асосий сабаб эмас. Хавфсизлик ва технологик жиҳатдан муаммолар пайдо бўлгани боис қазиб чиқариш сиз айтгандек 12 фоизга эмас балики 7 фоизга камайди. Шахта ичини қиялиги нормага кўра етти фоиз бўлиши керак. Ангрендаги шахталарда эса қиялик 35 фоиз. Бу тахликали. Шахта ўпирилиб одамларни босиб қолиши мумкин. Шу боис қазиш ҳажми камайган,- дейди “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятидаги Озодлик манбаси.

Технологик таназзул

Ангренлик инсон ҳуқуқлари фаоли Дмитрий Тихонов Ангрен конини очиш жараëнида технологиянинг жиддий бузилиши расмийлар айтганидан анча катта кўламда эканлигини таъкидлади:

Икки йил ичида бир неча бор кўчкилар ўпирилиб, иккита экскaваторни босиб қолди, битта машинист нобуд бўлди. Битта экскаваторни аранг чиқариб олишди, иккинчиси бутунлай яроқсиз ҳолга келди. Кон технологиясининг бузилиши хеч кимни безовта қилмаётганлиги кишини вахимага солади¸- дейди суҳбатдош.

Тихоновнинг ишонишича¸ кўмир конларидаги технологик таназзул кўмир тижратидаги коррупцияга эш бўлмоқда.

Яна Ҳусан Московский

Мақолани ëзиш асносида Ўзбекистон кўмир саноатидаги жиноятларга Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган тадбиркор Ҳусан Зиëмуҳаммедовнинг аралашгани ўртага чиқди.

Зиëмуҳаммедов Ангрендаги паст сифатли кўмир кукунига Қозоғистондан келтирилган юқори сифатли кўмир қўшиб брикет яратиш билан боғлиқ схемаларда қатнашганини Озодлик манбаси билдирди.

Манбанинг айтишича¸ 2014 йилда импорт кўмирни етказиб беришни “Ҳусан Московский” амалга оширган.

- Аслида бу давлат валюта заҳираларини ўғирлаш схемаси эди. Московский гўëки Қозоғистондан олиб келган импорт кўмирдан ҳанузгача “Ўзбекэнерго”нинг валюта қарзи мавжуд¸- дейди манба.

Кейинги йилларда мамлакатдаги газ тақчиллиги боис кўмирга эҳтиёж ошиб бораяпти.

Ўтган йили аҳолига ярим миллион тонна кўмир сотилган. Шунингдек, бюджет ташкилотларига 300 минг тонна кўмир етказиб берилган. Газ ва электр танқислиги баробарида Ўзбекистонда тошкўмир нархи ошгани кузатилди.