Озарбайжон президенти Илҳом Алиев навбатдан ташқари президент сайловини 2024 йилнинг 7 февралига белгилади. Бу ҳақда Озодликнинг озарбайжон хизмати Алиев томонидан 7 декабрь куни имзоланган фармойишга таянган ҳолда хабар қилди. Қонунга мувофиқ, президент сайлови 2025 йилда ўтказилиши керак эди.
Озарбайжонда президент етти йилга сайланади, бунга оид ўзгартиш мамлакат Конституциясига 2016 йилдаги референдум ортидан киритилган. Авваллари президент беш йил муддатга сайланарди.
Озарбайжонда олдинги президент сайлови 2018 йил 11 апрелида бўлиб ўтган. Ўшанда сайлов октябрь ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ Алиев уни бир неча ой олдинга кўчирган. Мазкур сайлов асосий мухолифат партиялари томонидан бойкот қилинган. Мухолифат лидерлари Илҳом Алиевни мамлакатда эркинликларни оёқости қилганликда, авторитаризмда ва мухолиф қарашдаги шахсларни таъқиб қилишда айблаб келишади.
Илҳом Алиев илк бор президентликка 2003 йили – отаси Ҳайдар Алиевнинг ўлимидан икки ой аввал сайланган. Ҳайдар Алиев унгача Озарбайжонни 10 йил бошқарган.
Президент этиб сайланганидан кейин Илҳом Алиев даставвал бир шахснинг президентлик курсисини фақат икки мартагина эгаллай олишига оид қонунни бекор қилган. Кейин эса бу лавозимда бўлиш муддатини беш йилдан етти йилга ўзгартирган. Сиёсатшунослар Илҳом Алиев ўз лавозимини ўғлига – кичик Ҳайдар Алиевга топшириш ниятида эканига шубҳа қилишмайди.
2020 йилнинг февраль ойида Озарбайжонда муддатидан илгари парламент сайлови ўтказилган. Ўшанда мамлакат президенти Илҳом Алиев бошчилигидаги «Ени Азербайжан» ҳукмрон партияси ўз ғалабасини эълон қилган. Ўша пайтда Озарбайжон мухолифати расмийлар сайлов натижаларини сохталаштирганини ҳамда эълон қилинган натижалар халқ иродасини акс эттирмаслигини билдирган. Мустақил жамоат ташкилотлари маълумотларига кўра, ўтган парламент сайловида кўплаб шаҳарларда кузатувчиларнинг участкаларда ишлашларига халақит берилган: улар сайлов участкаларидан ҳайдалган, уларга тасвирга олишга ва участкалар бўйлаб ҳаракатланишга рухсат берилмаган, айримларга нисбатан эса куч ишлатилган.