Ўзбекистон президентининг кичик куёви ҳамда президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгашининг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистондан иборат Марказий Осиё минтақаси бўйича ташкилот вице-президенти этиб сайланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
МОК қайдича, Умаров бу лавозимга Осиё Олимпия кенгашининг Нью-Дели (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилган 44-Бош Ассамблеяси доирасида сайланган.
“Тадбирда сўз олган Отабек Муҳаммадалиевич қитъамиз спорти жаҳонда янада катта эътирофга сазовор бўлаётгани, бунинг исботи ўлароқ Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида Осиёнинг 4 давлати ТОП-15 таликдан жой олгани, Президентимизнинг спортни қўллаб-қувватлашлари билан Ўзбекистон ўз тарихида энг яхши натижани қўлга киритганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, билдирилган ишончни оқлашга, минтақада Олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини янада кенг тарғиб қилишга ваъда берди”, дейилган МОК хабарномасида.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кичик қизи, Отабек Умаровнинг хотини Шаҳноза Мирзиёева Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайлангани ҳақида хабар қилган эди. Шаҳноза Мирзиёева айни пайтда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари ҳамдир.
Мирзиёевнинг катта қизи Саида Мирзиёева эса Ўзбекистон президенти администрациясининг амалдаги раҳбари бўлиб ҳисобланади. У 2023 йил августида айни лавозимга тайинлангунига қадар Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири бўлиб ишлаган.
Эндиликда “бутун Марказий Осиё минтақасидаги Олимпизм ҳаракатининг ривожига масъул бўлажак” Отабек Умаров Озодлик ўзбек хизматининг сўнгги суриштирувнинг бош қаҳрамонига айланган эди. “Отабек Умаров ўнлаб миллион долларлик қасрни қайси пулига қуряпти?” сарлавҳали мазкур суриштирувни қуйида томоша қилишингиз мумкин: