Оқ уй Киевга Россия ичкарисига зарба учун изн берилганини расман тан олди

Оқ уйнинг Стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби

АҚШ президенти маъмурияти Украина учун Россия ҳудудига зарбалар беришда Американинг ATACMS баллистик ракеталаридан фойдаланиш бўйича чеклов олиб ташланганини илк бор расман тасдиқлади. Бу ҳақда Оқ уйнинг Стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби 25 ноябрь куни ўтказилган брифингда билдирган.

Ҳозирнинг ўзида уларда [украиналикларда – таҳр.] ўзларини мудофаа қилиш учун зарурат туғилган тақдирда ATACMSлардан фойдаланиш имконияти бор. Бу ҳозирнинг ўзида Курск вилояти яқинида содир бўлмоқда”, деган Кирби.

АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудудидаги ҳадафларга узоқ манзилли ракеталар билан зарба бериш учун тақиқни олиб ташлагани ҳақидаги хабарлар ОАВда 17 ноябрь куни пайдо бўлган эди – бу ҳақда The New York Times нашри ва Reuters агентлиги АҚШ ҳукуматидаги манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда ёзиб чиқишган. Бироқ бу маълумот олдин омма олдида расман тақдиқланган эмасди.

Россия Мудофаа вазирлиги 19 ноябрга ўтар кечаси Брянск вилоятидаги объектга олтита ATACMS ракетаси билан зарба берилганини маълум қилган. Москва Оқ уйнинг қарорини Ғарб мамлакатлари билан бевосита уруш ўлароқ баҳолашини билдирган.