Ўзбекистон ҳукумати хориждаги ватандошлар учун “Ватандош” картасини жорий этди.
Мамлакат президенти томонидан 20 ноябрь куни имзоланган 397-сонли қарорга асосан “Ватандош” картаси 5 йил муддатга (ватандош миллий паспортининг амал қилиш санасидан ошмаган ҳолда) берилади.
“Ватандош” гувоҳномаси – хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни рағбатлантириш шакли бўлиб, юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган, мамлакатимизнинг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган, республикада хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга ошираётган ватандошларга миннатдорлик ва ташаккур белгиси ҳамда “Ватандош” картасини олиш учун асос ҳисобланадиган ҳужжат”, дея аниқлик киритган Адлия вазирлиги.
Мазкур картага эга ватандошларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
• Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириш ва чиқиш;
• мамлакат ҳудудида кўчмас мулк сотиб олишда чет эл фуқароларига нисбатан белгиланган кўчмас мулкнинг миқдорлари татбиқ этилмайди ва Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди;
• хорижий фуқарога бериладиган меҳнат фаолиятига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш;
• Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш.
Карта эгаларининг оила аъзоларига (ота-онаси, эр (хотини) ва вояга етмаган фарзандлари) қуйидаги имтиёзлар берилади:
• амалдаги виза муддатини узайтиришда Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан давлат божи ундирилмасдан кўп марталик виза олиш;
• Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш;
• вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни давлат божи ундирилмасдан ички ишлар органларида расмийлаштириш ва узайтириш.
Ўзбекистонда 2021 йил август ойида “Ватандошлар” жамоат фонди тузилган эди. Фонд дунёдаги 100 чоғли мамлакатда истиқомат қилаётган 10 миллиондан зиёд ватандош ҳамда улар томонидан ташкил этилган 170 дан ортиқ маданий марказни дастаклаш билан шуғулланади.