Ўғли Ўзбекистонга элчи этиб тайинланган Толибон мулозими непотизмда айбланди

Толибон тоғ-кон ва нефть вазири Шаҳобиддин Диловар (ўнгда).

Афғонистондаги Толибон ҳукуматининг юқори мартабали мулозими ўғли Ўзбекистондаги элчи лавозимига тайинланиши ортидан қариндош-уруғчиликда айбланди.

Толибоннинг тоғ-кон ва нефть вазири Шаҳобиддин Диловарнинг кенжа ўғли Мағфуруллоҳ Шаҳоб 4 февраль куни Афғонистоннинг Тошкентдаги элчиси лавозимига киришган.

Диловарнинг тўнғич ўғли Руҳуллоҳ Шаҳоб Толибон бош вазир ўринбосари офисида катта мулозимлардан бири. Унинг куёви Шамсиддин Аҳмадий эса Кобулдаги бошқарув тизимида юқори лавозимда ишлайди.

Баъзилар Диловарнинг ўғли Тошкентга элчи этиб тайинланиши сиёсий непотизмнинг очиқдан-очиқ кўриниши эканлигини айтмоқда.

Озодлик Афғонистон хизмати ("Азади" радиоси) таҳлилчиси Абубакар Сиддиқнинг ёзишича, охирги тайинлов толиблар ўз ҳукумати қариндош-уруғчилик ва коррупциядан холи деб турган вақтда содир бўлаётгани, айниқса муҳим.

Толибон раҳбари Мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзода ўтган йили «вазирлик ва давлат идоралари амалдорларига оила аъзолари ёки қариндошларини давлат лавозимларига тайинлашни тақиқлаш» тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистон позицияси: Толиблар билан қандай муносабатларни ўрнатиш керак?


Бу фармонни четлаб ўтган биргина Шаҳобиддин Диловар эмас.

Толибон ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққонийнинг амакиси Халил ур-Раҳмон Ҳаққоний қочқинлар ишлари бўйича вазир ҳисобланади. Шу қаторда, Ҳаққоний оиласи аъзолари Ҳост вилояти ҳокимият тизими ва разведка хизматида ҳам муҳим лавозимларни эгаллаган.

Толибон асосчиси Мулла Умарнинг ўғли мулла Муҳаммад Ёқуб мудофаа вазири бўлиб ишлаб келади.

Ёқубнинг амакиси мулла Маннон Умарийга эса меҳнат ва ижтимоий ишлар вазирлиги топширилган.

Толибондан олдинги Афғонистон ҳукуматининг кўплаб расмийлари ҳам ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб, қариндошларини сийлаб келгани кўп бор танқид қилинган.

Толибон режими Афғонистонда ҳокимиятни монополлаштиришда айбланади. Асосан пуштунлардан иборат экстремист ҳаракат аъзолари ҳукуматдаги лавозимларни ўз ораларида бўлиб олганлар. Толибоннинг аксар оддий жангчилари саводсиз ва умрини жангларда ўтказган. Толибон расмийлари ва юқори мартабали қўмондонлари эса ўз фарзандларини хорижий мадрасалар ва университетларда ўқитишган. Улар эндиликда ҳукуматдаги лавозимларини фарзандларига топширишмоқда.

Афтидан, шу йўл билан Толибон етакчилари ўз қудратидан шахсий бойлик орттириш ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашда фойдаланмоқда.

Ўзбекистон томони ҳозирча Тошкентдаги элчихона Толибонга топширилгани ҳақида расмий маълумот бергани йўқ.

Ўтган ҳафта АИП (Afghan Islamic Press) агентлиги Ислом амирлиги ўз вакилларини Тошкентга жўнатгани ва расмий таништирув маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берганди.

Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги Маулви Мағфуруллоҳ Шаҳобни Афғонистон элчихонаси вакили сифатида олти ой аввал Тошкентга юборган. Маулви бу вақт мобайнида сиёсий идора раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият олиб боргани айтилади.

Кейинроқ Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги Маулви Мағфуруллоҳ Шаҳобни элчи вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ҳақида хабар берилди.

Эндиликда расмий учрашувлар ва Ўзбекистондаги элчихона ишларини юритиш унинг зиммасига юклатилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Озодлик фильми: Тошкент Толибон билан Қўштепа борасида келиша олмаяпти

Толибон ҳозиргача 17 давлатга ўз вакилларини юборган.

Афғонистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ҳозирча Толибонга топширилганича йўқ. Бироқ Афғонистон Ислом Амирлиги вакиллари бир муддат аввал Афғонистоннинг Тожикистон Бадахшонидаги консуллигига ташриф буюрган.

Шу вақтгача бир қанча давлатлар ўз дипломатларини Афғонистонга юборди. Икки кун аввал ОАВда АҚШ ҳам Кобулдаги консуллик фаолиятини қайта йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Олдинроқ Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Кобулда Толибоннинг муваққат мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб билан учрашгани хабар қилинганди.

“Tolo news” хабарига кўра, 1 февраль куни ўтган музокараларда чегара ва икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга доир масалалар муҳокама қилинган.

Муҳаммад Ёқуб “Ислом амирлиги ривожланиш лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорликка тайёрлиги”ни билдирган.

Ўтмишда Толибон бошқарувини қатъиян рад этган Ислом Каримов ҳукуматидан фарқли президент Мирзиёев 2021 йил августида Кобулдаги ҳокимиятни босиб олган толиблар билан мулоқот ва ҳамкорлик йўлини танлаган.

2022 йил декабрида Мирзиёев "Ўзбекистон томонга қарата ўқ отмаган" Толибон ҳукумати билан ҳамкорликка тайёр экани"ни айтганди.

Ўзбекистон томони Толибон ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» трансафғон темирйўл линиясини қуриш бўйича толиблар билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ўтган йил июлида «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси қиймати 4,6 млрд доллардан 8,2 млрд долларгача баҳоланаётган лойиҳа бўйича музокараларнинг якуний босқичи бошланганини маълум қилган эди.

Ўзбекистон Толибоннинг Афғонистон шимолидаги Қўштепа канали қурилишидан хавотир изҳор қилган, айни пайтда лойиҳа юзасидан толиблар билан ҳамкорлик қилишга ҳозирлигини билдирган. Ўтган йил ёзида икки томон вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш юзасидан музокаралар бораётгани маълум қилинганди. Музокаралар натижаси ҳозиргача номаълум.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?

Зиддиятли канал қурилишининг биринчи босқичи якунланган, канал тўлиқ қуриб битказилганида Афғонистон Амударёдан 15 фоизгача сув олиши, бу эса Ўзбекистон ва Туркманистон учун жиддий муаммо яратиши айтилади.

Ўтган йил декабрида экологлар Қўштепа каналида йирик авария юз берганини айтишган, аммо Толибон буни рад этиб чиққанди.