Тошкент ва Остона Швейцарияга ўзи ишлаб чиқарганидан кўпроқ олтин сотди. Экспертлар Марказий Осиёнинг бу икки мамлакати санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Россия олтинини сотиб берганини тахмин қилишмоқда, деб ёзмоқда Ғарб матбуоти.
Қозоғистон ва Ўзбекистон қандай қилиб ўзлари қазиб олганидан кўп олтин сотди?
Қозоғистон ва Ўзбекистон Россиянинг Украинага тўлақонли босқини бошланганидан сўнг Швейцарияга олтин экспортини оширди. Swissinfo порталининг ёзишича, етказиб берилган олтиннинг бир қисми “халқаро санкцияларни бузган ҳолда Россиядан яширинча келтирилган бўлиши мумкин”.
Юқори сифатли Россия олтинининг асосий харидорлари Буюк Британия ва Швейцария эди. Бироқ Москва Украинага қарши уруш бошлаганидан кейин Россия қимматбаҳо металларига санкция солинди. Бу Қозоғистон билан Ўзбекистонга олтин экспортини кўпайтириш имконини берди, аммо сотув ҳажми ортиши ҳақли саволларни туғдирмоқда, деб ёзади Швейцария нашри.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Swissinfo журналистлари Доминик Согел ва Полин Турбан Швейцарияга олтин қаердан келаётганини олти ой суриштиришган. Савдо ва божхона маълумотларини таҳлил қилгач улар Остона билан Тошкент ўтган йили ўзлари қазиб олганидан кўп олтин сотганини аниқлашди. 2023 йилда Британия Қозоғистондан – 220 тонна, Швейцария эса 59 тонна олтин харид қилган. Ҳолбуки, Қозоғистон ўтган йили 130 тонна олтин қазиб олган, холос. Ўзбекистон эса 100 тонна олтин қазиб олгани ҳолда Швейцарияга – 100, Буюк Британияга 40 тонна олтин сотган.
Сотув ҳажми қандай қилиб ишлаб чиқариш ҳажмидан ортиқ бўла олади? Ҳозирда Қозоғистон билан Ўзбекистондан бошқа мамлакатларнинг марказий банклари олтин активларини сотмаяпти. “Афтидан, улар олтин нархи ошиб кетганидан фойда чиқаришмоқда, чунки захира йиғиб қўйишган эди”, дейилади мақолада.
Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий банклари Швейцария портали саволларига жавоб бермаган.
Швейцарияга реэкспорт?
Дунёда халқаро олтин савдосини назорат қиладиган ёки тартибга соладиган ташкилот йўқ. Лондон қимматбаҳо металлар бозори ассоциацияси (London Bullion Market Association; LBMA) фақат кузатувчи вазифасини бажаради. У сифат стандартларини белгилайди, юқори сифатли олтин ёмбиларни сертификатлайди. Ташкилот томонидан аккредитация қилинган олтинни қайта ишлаш корхоналари рўйхатида Қозоғистон ва Ўзбекистондан иккитадан завод бор. Бу тўрт корхонадан учтаси Swissinfo сўровларига жавоб бермаган. Қозоғистонда энг йирик қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчи бўлмиш Kazzinc эса асосий акциядор – Швейцариядаги Glencore трансмиллий ширкатига мурожаат этишни тавсия қилган. Glencore эса жавоб беришдан бош тортган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
LBMA бош техник директори Нил Ҳарби тахминига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистондан Буюк Британия орқали Швейцарияга реэкспорт қилинган олтин маълумотлар базасига икки марта қайд қилинган бўлиши мумкин. Аммо нашр шундай бўлган тақдирда ҳам, сотилган металл ишлаб чиқарилганидан барибир кўплигини урғулаган. Ҳарби “сотувчилар ўтган йилларда қуйилган ёмбиларни етказиб берган бўлиши ҳам мумкин”, дея яна бир фаразни илгари сурган.
Бироқ айрим экспертлар Остона ва Тошкент сотган олтинларнинг бир қисми Россияда қазиб олинган, деб ҳисоблашмоқда. Базел университетининг жиноят ҳуқуқи профессори ва Швейцариянинг олтин қазиб олиш саноатига бағишланган китоб муаллифи Марк Пит Марказий Осиё мамлакатлари Россия олтинини реэкспорт қилаётганини тахмин қилади.
“Аминманки, Украинада уруш бошланганидан сўнг Швейцария импортни оширганини фақат бир нарса билан – Россия ўз олтинини Марказий Осиёнинг бу икки мамлакатига жўнатаётгани билан изоҳлаш мумкин. Бу олтинлар кейин Буюк Британия ва Швейцарияга реэкспорт қилинган”, дейди Пит.
Озодлик қозоқ хизматининг ёзишича, Остона санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бермаслигини бот-бот такрорлаган. Шунга қарамай суриштирувчилар, уруш бошланганидан сўнг рўйхатдан ўтган бир неча ширкат санкция солинган маҳсулотларни Россияга реэкспорт қилиш билан шуғулланганини аниқлашган эди. Қозоғистонлик иқтисодчилар эса Россия билан Қозоғистон ўртасидаги эркин савдога доир шартнома товар айланмаси устидан қатъий назорат ўрнатишга халал беради.