Археологлар Ўзбекистон жануби-шарқидаги тоғларда ўрта асрларга оид Тугунбулоқ ва Тошбулоқ шаҳарлари қолдиғини топди.
BBCнинг илм-фан оламида катта нуфузга эга Nature журналига таяниб ёзишича, тадқиқотчилар гуруҳига Сент-Луисдаги Вашингтон университети антропологи Майкл Фракетти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов раҳбарлик қилган.
120 гектар майдонни эгаллаган Тугунбулоқ шаҳрида 300 дан ортиқ иншоот, шу жумладан, марказий қалъа ва бешта қўриқлаш минораси бўлган.
Тугунбулоққа нисбатан кичикроқ ҳудудни эгаллаган (12-15 гектар) Тошбулоқдан ҳам 100 га яқин қадим тураржой топилди.
Тадқиқотчилар фикрича, Тошбулоқ VI-XI асрлар, Тугунбулоқ эса VIII-XI асрларда гавжум шаҳарлар бўлган.
Ҳар икки манзилгоҳ денгиз сатҳидан 2000 метр баландда жойлашган.
Nature журнали ҳозирда Ер сайёраси аҳолисининг 3 фоиздан камроғи ана шундай баландликда (асосан Тибет ясси тоғлиги ва Анд тоғларида) истиқомат қилишини эслатган.
“Одатда олимлар аҳоли тураржойлари мавжудлигини исботлаш учун текис водийларни ўрганган, шу сабаб ушбу топилма эътиборга молик”, деган Оксфорд университети профессори Питер Франкопан.
Қайд этилишича, ушбу илмий янгилик афсонавий Буюк ипак йўлига доир қарашларни ўзгартириб, Марказий Осиё тоғларидаги шаҳар ҳаёти хусусидаги тасаввурларни қайта кўриб чиқишга ундайди.