Жорий йилнинг 16 сентябрь куни АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумот тарқатди.
Ҳужжатга Ўзбекистон томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев, Қўшма Штатлар томонидан эса элчи Жонатан Хеник қўл қўйган.
Хабарномада ўтган йил сентябрида Нью-Йоркда бўлиб ўтган Президентлар саммитида Жо Байден, Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари фойдали қазилмалар бўйича мулоқотни бошлаш ниятида эканларини эълон қилишгани, ушбу меморандум АҚШ ва Ўзбекистоннинг ўша саъй-ҳаракатларни илгари суриш, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёнинг ноёб экотизимларини ҳимоя қилиш билан бирга тоза энергияга ўтиш жараёнини олға сурувчи инвестицияларни жадаллаштириш ниятида эканидан далолат бериши урғуланган.
Элчихона қайдича, минераллар ва ноёб ер элементлари тоза энергия ва бошқа технологиялар учун зарур бўлиб, иқтисодиётда тобора муҳим рол ўйнамоқда. АҚШ Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатига хусусий сектор сармоясини жалб қилиш бўйича фаол иш олиб боряпти.
“Ушбу меморандум келгусида глобал кончилик соҳасида юқори экологик, меҳнат ва бошқарув стандартларини таъминлашга қаратилган умумий мақсадимизни ўзида акс эттиради”, дейилган хабарномада.
Элчи Хеникка кўра, АҚШ ва Ўзбекистон келажакда энергетика соҳасини шакллантирадиган мустаҳкам ва хавфсиз таъминот занжирларига эга бўлиш учун ҳамкорлик қилиши лозим.
“Ушбу меморандум глобал минерал таъминот занжирларини диверсификация қилиш ва икки томонлама савдо алоқаларимизни кенгайтириш бўйича умумий мажбуриятимизни намойиш этади. Биз Ўзбекистон билан кенгайиб бораётган стратегик ҳамкорликнинг навбатдаги босқичини нишонлашдан мамнунмиз”,деган жаноб Жонатан Хеник.
Ўз навбатида, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Ўзбекистон-АҚШ келишувидан кўзланган мақсад мамлакатлар ўртасида “муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, бошқа йўналишлардаги алоқаларни ҳам ривожлантиришдан иборат”лиги қайд этган.
“Ушбу ҳужжат муҳим хомашё соҳасида АҚШ – Ўзбекистон мулоқотининг давом этишига, геология қидирув, қазиб олиш ва юқори қийматли маҳсулот занжирини яратиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Меморандумни имзолаш тадбири доирасида жорий йилнинг 24 – 26 сентябрь кунлари Невада штати Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтадиган тоғ-кон саноатидаги энг йирик глобал тадбир – MINExpo INTERNATIONAL кўргазмасида иштирок этувчи Ўзбекистон делегацияси вакиллари билан ҳам суҳбат ўтказилгани қўшимча қилинган.