Ўшда сел оқизиб кетган қизлардан бирининг жасади Ўзбекистоннинг Шаҳрихонсой каналидан топилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
ФВВ қайдича, 7 яшар қизалоқнинг жасади икки давлат ўртасидаги “Дўстлик” чегара маскани орқали олиб ўтилади.
Вазирлик 15 июль куни қирғиз-ўзбек чегарасига яқин бўлган Каттатерак участкасида Оқбура дарёсидан яна бир аёл жасади топилганини маълум қилган.
ФВВ аввалроқ сел ортидан тўрт кишининг жасади қидирилаётганини билдирган эди. Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида 14 июль куни тинимсиз ёққан жала туфайли сел тошқини рўй берган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Ўшдаги марказий бозор сув остида қолганини кўриш мумкин - сел нафақат бозорда сотилаётган товарларни, балки бир неча машинани ҳам оқизиб кетган.
ФВВ маълумотига кўра, сел ортидан Ўш-Гулча-Эргаштом йўли вақтинча ёпиб қўйилган.
Шунингдек, вазирлик шаҳарга туташ Тўлўйкўн ва Ўзгур қишлоқларида эвакуация ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Ўшда бошланган сел Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари орасидаги бир кўприкнинг ҳам қулашига сабаб бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Қирғизистондан оқиб келувчи Оқбура дарёси устига қурилган кўприк оқимга дош беролмай, қулаганини кўриш мумкин. Маълумотларга кўра, қулаган кўприк Жалақудуқ туманининг Ёрқишлоқ қишлоғида жойлашган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сел тошқини оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини билдириб, фуқаролардан саросимага тушмасликни сўраган.
Баҳор мавсумидан бери Қирғизистоннинг турли жойларида сел-тошқин ҳодисалари кузатилмоқда. Қирғиз расмийларига кўра, жорий йилнинг 20 апрелидан 1 июлигача сел тошқинлари туфайли 170 миллион сўмдан кўпроқ (тақрибан 2 миллион АҚШ доллари) зарар кўрилган. Бу вақт оралиғида табиий офат туфайли 17 киши нобуд бўлган.