Қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальнийнинг тарафдорлари 21 апрель куни Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург дохил йирик шаҳарларида уни дастаклаш учун митинглар ўтказиш ниятидалар. Бу ҳақда сиёсатчининг сайтидаги хабарномада айтилган. Митинг ўтказиш нияти борлигини мухолифатчининг сафдошлари бўлган Леонид Волков ва Иван Жданов тасдиқлаганлар.
Навальний колонияда очлик акциясини ўтказмоқда. Аввалроқ Навальнийнинг шифокорлари унинг ташхислари натижаларига таянган ҳолда мухолифатчининг аҳволи шиддат билан ёмонлашаётганини билдирганлар. Навальний бели оғриётгани ва бошқа хасталик асоратлари туфайли ўз олдига врач киритилишини талаб қилган ҳолда 31 мартдан эътиборан очлик акциясини бошлаган.
“Шунақа ҳолатлар бўладики, бунда тезлик билан ҳаракат қилиш лозим, акс ҳолда тузатиб бўлмас ҳодиса содир бўлиши мумкин. Бунақа пайтларда жуда тезлик билан қарор қабул қилиш зарур”, деб ёзишган Навальнийнинг сафдошлари.
Улар “Навальнийга озодлик” сайтида сиёсатчининг озод этилиши учун уюштирилажак митингларда иштирок этиши мумкин бўлган 500 минг киши рўйхатдан ўтишини кутиб ўтирмаганлар. Аввалроқ Навальнийнинг сафдошлари сайтда ярим миллион рўйхатдан ўтганидан кейин митинг санасини эълон қилишларини билдиришганди. 18 апрель тушдан кейин митингларнинг муҳтамал иштирокчилари сони 459 мингдан ошган. Бир неча кун аввал рўйхатдан ўтганларнинг электрон манзиллари базаси ўғирлангани ҳақида хабар тарқалганди.
“Воқеалар ўта шиддат билан ва жуда ёмон ривожланмоқда. Бундан буён кутиш ва ортга суриш мумкин эмас”, дея изоҳ берадилар муаллифлар митинг зарурати тўғрисидаги хабарномада. Навальнийнинг саломатчилигидан ташқари улар мухолифатчи томонидан асос солинган Коррупцияга қарши кураш фонди (Россияда хорижий агентлар рўйхатига киритилган) ва Навальний штабларини расмийлар экстремистик ташкилотлар рўйхатига қўшмоқчи эканларини ҳам қайд этадилар.
Митинглар ўтказиш учун ариза бериш ҳақида хабарномада ҳеч нарса дейилмаган – афтидан, расмийлар бу тадбирларни рухсат этилмаган акциялар ўлароқ қабул қилишади.
Навальний ҳимояси учун сўнгги йирик акциялар шу йил январь ойи охирлари ва февраль ойи бошларида – сиёсатчи Германиядаги муолажадан сўнг Россияга қайтиб, аэропортда ҳибсга олинган, кейин эса колонияга йўллангани ортидан ўтказилганди. Мазкур акциялар учун расмийлардан рухсат олинган эмас. Ўша пайтда Россиядаги ўнлаб шаҳар кўчаларига, турли маълумотларга кўра, 100 мингдан 300 минг нафаргача одам чиққан. Ўша пайтда минглаб норози тутиб кетилган, айримлар полициячиларга қарши зўравонликка оид жиноят ишлари бўйича судланганлар.
Февраль ойи бошларида Навальнийнинг сафдошлари оммавий норозилик намойишларидан вақтинча воз кечиб туришларини маълум қилганлар, бироқ бу чиқишлар баҳордан қайта бошланишини билдирганлар.