Қамоқда вафот этган сиёсатчи Алексей Навальний жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан сўнг берилиши маълум қилинди, деб билдирди мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш.
Унга кўра, бу ҳақда терговчилар Навальнийнинг онаси ва адвокатларни хабардор қилган. Терговчиларга кўра, кимёвий экспертиза ўтказиш учун икки ҳафта керак бўлади.
Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.
Хабарда айтилишича, шу кунгача Навльнийнинг ўлими сабаблари расман аниқланмаган. Мухолифатчининг сафдошлари Навальний ўлдирилганини ва ҳукумат жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни бермаётганини иддао қилаётир.
Людмила Навальная ўғли ўлгани тўғрисидаги хабар берилганидан сўнг журналистларга бир неча кун аввал Навальнийни кўргани қамоқхонага боргани ва унинг соғлиғи яхши бўлгани тўғрисида айтиб берди.
Навальнийнинг соғлиғи яхши бўлганини Владимир вилоят суди ҳам тасдиқлади. Мазкур судда 15 февраль куни Навальний видеоалоқа орқали қатнашган эди.
Навальний ўлимидан бир неча кун олдин 27-марта жарима изоляторига жойлаштирилганди.