Автоҳалокат қурбони бўлган ММА жангчиси Мурод Хонтўраев Тошкентда дафн этилди (ВИДЕО)

Собиқ MMA жангчиси Мурод Хонтўраев Бўстонлиқдаги автоҳалокатда вафот этди.

19 июль куни Бўстонлиқда содир бўлган автоҳалокатда вафот этган собиқ MMA жангчиси, Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев шу куннинг ўзида Тошкентнинг “Яланғоч-2” қабристонига дафн этилди.

Тошкент вилояти ИИБ ахборот хизматига кўра, автоҳалокат Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги трассада содир бўлган. BMW X5 русумидаги автомобилни бошқариб бораётган 34 яшар ҳайдовчи йўлдан чиқиб, макказорга ағдарилиб кетган.

2021 йилнинг 19 июль куни соат 11:30 ларда, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-12 автомобиль йўлининг 68-километрида бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган "Gentra" ҳамда «BMW X5» русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида «BMW X5» русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган”, дейилади расмий хабарда.

Ички ишлар бошқармаси ҳодиса жойидан фотосуратларни ҳам эълон қилди.

Шу куниёқ Мурод Хонтўраев жасади пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги ҳовлисига олиб келинди.

Спортчи Тошкентнинг “Яланғоч-2” қабристонига дафн қилинди. Тармоқларда тарқалган видеодан Мурод Хонтўраевнинг жанозасига кўплаб одамлар йиғилганини кўриш мумкин.

Хонтўраев билан бирга машинада бўлган ва бош чайқалиши билан шифохонага олиб кетилган йўловчи ҳозирда Чилонзор тумани 16-сонли тиббиёт бирлашмасининг нейрохирургия бўлимида даволанаётгани айтилади.

Gentra ҳайдовчисининг айтишича, Мурод Хонтўраев бўлган машина BMW X5 жуда юқори тезликда ҳаракатланган.

Мазкур автоҳалокат юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти Отабек Умаров ўзининг Инстаграм сахифасида Мурод Хонтўраев хотирасига бағишлаб махсус видеоролик чиқарди ва " Жойинг жаннатда бўлсин, чемпион!" деб ёзди.

Шу куниёқ машҳур ўзбекистонлик UFC жангчиси Маҳмуд Муродовнинг Инстаграмдаги саҳифасида Мурод Хонтўраев фотосурати остида “Оиласига сабр тилайман” ёзуви пайдо бўлди.

Тармоқларда дафн маросими 19 июнь куниёқ аср намозидан кейин спортчининг Мирзо Улуғбек туманидаги ҳовлисида бўлиб ўтиши тўғрисида хабарлар тарқалди.

29 июнь куни Мурод Хонтўраевнинг Инстаграмдаги kxanturaev саҳифасида Тошкентга ташриф буюрган россиялик рэпер Гуф ҳамроҳлигида машинада кетаётгани акс этган видео жойлаштирилганди. Видеода хавфсизлик камарини тақмаган Хонтўраев ва унинг меҳмонлари “Панорама”га дам олишга кетаётганликларини айтишади.

2018 йилнинг октябр ойида Мурод Хонтўраев Тошкентдаги "Аурум 898" тунги клуби яқинида безорилик қилганликда айбдор деб топилиб 16,2 миллион сўм жаримага тортилган эди.

Мурод Хонтўраев бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош ўнг тепа соҳаси эзилиб ёрилган жароҳати, ўнг сон, думба соҳаси кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари (9та), иккала кўкрак соҳаси сидирилган жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Ўша йилнинг 26 ноябрида эса спортчи Чорсу майдонидаги «Тошкент» савдо марказига туташ қилиб қурилган бинодаги Silver Power компанияси офисига махсус қора кийимларда ва ниқобларда бостириб кирган 6-8 киши томонидан пичоқлаб кетилган эди.

Ўша пайтдан бошлаб Мурод Хонтўраев профессионал жангларда қатнашишни тўхтатган.

Мурод Хонтўраев

Хонтўраев 1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У ММАдаги ўзининг профессионал жангларини 2013 йилда бошлаган. “Осиё айиғи” лақаби билан машҳур бўлган WEF, AP, LS промоушенлар турнирларида муваффақиятли қатнашган.

Мурод жами 15та жанг ўтказиб, шундан 12 тасида ғалаба қозонган, 3 та жангда мағлуб бўлган, яна битта жанг натижаси бекор қилинган.

2019 йилнинг ноябридан Мурод Хонтўраев Ўзбекистон Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти эди.