Москванинг энг йирик саналган “Фуд Сити” мева-сабзавот улгуржи савдо бозори ва “Мандарин” савдо мажмуасида ишловчи муҳожирлар 6-7 июнь кунлари ФСБ, ОМОН ва полициянинг "нолегал" мигрантларни аниқлашга қаратилган махсус рейдлар ўтказгани борасида Озодликка маълум қилишди. Вазиятни кузатган ҳуқуқ фаолларига кўра, биргина “Фуд Сити”даги тинтув пайтида тадбиркорлардан қўл телефонлари ва 21 миллион рублга яқин миқдорда пул йўқолган.
Озодлик мухбирлари "Мандарин" савдо мажмуасида рейд вақтида полиция ҳатти-ҳаракатларидан жабр кўрган мигрантлар билан учрашди.
Москванинг “Мандарин” савдо марказида ФСБ, Росгвардия ва полиция қисмлари махсус амалиёт олиб боргани борасида 10 кунларча ўтиб бозорда иш бораётган бир гуруҳ тадбиркорлар хабар қилди.
Исмини ошкор қилмасликни сўраган мигрантлар ОМОН ва ФСБ уларни амалиёт тафсилотлари борасида оғиз очмасликни буюрганини айтиб берди.
Озодлик 6-7 июн кунлари олиб борилган рейд ҳақида бозор ишчилари ва ходимлари билан суҳбатлашиб, ўша кунги ҳодиса тафсилотларини ўрганиб кўрди.
Махсус кучлар асосан Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ватандошлари бўлган муҳожирларни калтаклаб, 150 яқин одамни бозор атрофидаги учта полиция бўлимига “ҳужжат текшириш” важи билан олиб кетган.
- Телефон унинг чўнтагида бўлган. Дубинка таёқ билан урганида у синиб кетибди. Кейин уларни мана шу ерга ётқизишди. Аёллар мана бу ерга ётдик. Йигитларимизни оёқларига уришди - оёқлари кўкариб кетган, текширишди. 5-10 дақиқа ётганимиздан кейин, қўлларини орқага қилиб, ташқарига олиб чиқишди. Қўлларимизни деворга тираб қўйишди. Аёлларни ташқарига ялангоёқ олиб чиқишди. Уч хотин, икки эркак эди ошхонада. Мени эримни қаттиқ калтаклашди. Эшикларимиз қулфланган эди - синдириб киришди. Биздан ҳеч нарса сўрашгани ёъқ - фақат кириб ўришди. Ваҳоланки ҳаммамиз ҳужжатларимиз жойида. Бизни тонгги 4-гача ушлаб ўтиришди. Кирганлар 4-таси маскали, иккитаси - ОМОН ходимлари. Улар пистолет билан ўқталиб кириб келди. Эрим охири ҳужжатларини кўрсатиб, полиция бўлимидан чиқиб келди, деди кафеда ошпазлик қилувчи Зарина.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бозордаги амалиёт вақтида ОМОНчилар бир нечта мигрантни қаттиқ калтаклаб, жароҳат етказгани маълум бўлди.
Шулардан бири - 1988 йилда туғилган Ҳабибуллоҳ Расулов амалиёт давомида оёғи ва елкасидан қаттиқ лат еган, яна бир исми номаълум қолаётган ҳаммол йигитлардан бири шифохонага олиб кетилгани айтилди.
Вайрон қилинган кафе эгалари полиция ва ФСБ ифтор вақтини, одамлар оғиз очишга ўтирганини пойлаб, бозорга бостириб кирганини гапиришди:
- Бу ерга кириб, болларни калтаклашди. Аямасдан калтаклашди. Ҳеч кимдан ҳужжат сўрашгани ҳам йўқ – ҳаммани ерга ётқизиб уришди. Кафемизда Россия гражданлари ҳам бор эди. Мен кабинка ичкарисига яшириниб олдим –топа олишмади.
Нима кераги бор бундай қилиб?! Биз фақат пул ишлагани келганмиз. Мана қаранг, кафени файрон қилишганини. Бизга муаммонинг кераги йўқ – пул ишлаб бола-чақамизга жўнатамиз. Биз ҳам қачонлардир кетамиз – бу ерларда қолиб кетиш ниятимиз йўқ! бизга юртимиз керак, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган тадбиркор.
Шу билан бирга, бир гуруҳ меҳнат муҳожирлари полиция тинтувидан кейин бир қанча тадбиркорларда кассадаги пуллар, ўнлаб қўл телефонлари йўқолган.
Ўша куни ҳодиса жойида “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳароев бориб, видео ва фотосурат олишга муваффақ бўлгани ҳақида ўз саҳифасида хабар қилди.
Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ фаоли полиция шу тариқа футбол бўйича Жаҳон чемпионати олдидан “зачистка” ишларини авж олдирганини билдирди.
Баҳром Ҳамроев худди шундай рейд бир кун ўтиб Москванинг энг йирик "Фуд Сити" улгуржи савдо бозорида рўй берганини айтди.
Унинг бозор ишчилари сўзларига таяниб айтишича, полиция ва ФСБчилар асосан соқолли ва мушки анбар ҳиди келатган муҳожирларни бошқалардан ажратиб, махсус автобусда олиб кетган.
Ўзи саҳифасида Баҳром Ҳамроев полиция муҳожирларни шимларини ечтириб, ички кийими бор-йўқлигини ҳам текширгани, савдо кассаларидан жами 21 миллион рубл миқдорида пул йўқолгани маълум қилди.
- Зачисткалар доим бўлиб турган ҳолатга айланди. Аммо охирги пайтларда бозорларга келиб, одамларнинг пулларини, молларини олиб кетиши ҳукуматнинг “беспредел”га ўтишини англатади. Мен иккита жойда бўлган бундй ҳодисани ўрганиб чиқдим. Ўша кунлари олиб кетилганларниг кўпи чиқарилган бўлса, айримларини топа олмаяпмиз. Уларни Лефортовадаги ФСБни тергов бўлимида саҳаргача сўроқ қилишган. Кўпроқ Туркия билан алоқаси борми-йўқми текширган. Зачисткалар олдин ҳам бўлган, айниқса мусулмонлар орасида. Аммо охирги пайтларда бу жуда ёмон кўриниш олди. Булар “қоравойларни” доим кўришни хоҳламайди, аммо шу кунларда футболга келган меҳмонлар кўзига фақат руслар кўриниши керак, деб ўйлайди, деди Баҳром Ҳамроев.
Ҳуқуқ фаоллари бундай йирик махсус операциялар ва облавалар, айниқса, футбол чемпионати кунлари ҳам давом этишини башорат қилишмоқда.