Moderna АҚШ ва ЕИда ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширмоқчи

АҚШнинг Moderna ширкати коронавирус инфекциясига қарши ўзи ишлаб чиқарган вакцинани рўйхатга олиш илтимоси билан душанба куни АҚШ ва ЕИ расмийларига мурожаат қилишини билдирди.

Хабарномада вакцина клиник синовларининг учинчи босқичи натижаларига ҳам аниқлик киритилган. Қайд этилишича, вакцина 94,1 фоизлик самара кўрсатган. Синовда иштирок этган 30 мингдан зиёд кўнгиллидан 196 киши хасталикка чалинган, улардан фақат 11 нафаригина эмланган, қолганларга плацебо киритилган.

Ширкат 11 нафар бемордан биронтаси ҳам хасталикни оғир кечирмагани, яъни вакцинанинг коронавирус инфекцияси оғир шаклига нисбатан самараси 100 фоизни ташкил қилганини билдирган.

Moderna тадқиқоти чоғида коронавирусдан плацебо гуруҳига кирган бир киши вафот этган.

Аввалроқ Moderna вакцинасининг самараси 94,5 фоизга тенг бўлгани маълум қилинганди, бироқ бу баҳо тўлиқ бўлмаган маълумотларга асослангани айтилмоқда.

Moderna АҚШда вакцинасини рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширган иккинчи ширкат бўлди. Авввалроқ ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказиш учун Pfizer ва BioNTech ширкатлари ариза топширган. Улар ўзлари ишлаб чиқарган вакцина 95 фоиз самара кўрсатганини иддао қилганлар. Дастлабки тахминларга кўра, Pfizer вакцинаси таннархи Moderna ширкатиникидан арзонроққа тушади.