Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев бошқа партиялардан президентликка номзоди кўрсатилган рақиблари “ҳаётни билмаслиги”ни иддао қилди. Бу мулоҳазани у 27 сентябрь куни Наманган вилоятида сайловчилар билан учрашув чоғида билдирди.
Ўз сўзини “рақиблардан ҳам кўп нарса ўрганиш керак” дея бошлаган Ш. Мирзиёев айрим номзодларнинг “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” нотўғри бўлганига оид фикрларига эътироз билдирди.
“Ҳали улар ҳаётни билмайди-ку. Мен уларни ёмонламоқчи эмасман, лекин бу менинг пешона терим билан халқнинг дардига етказиб бораётган тизим-ку, агар у дафтар бўлмаса, коронавирусда кимга берардик ёрдамни”, деди Мирзиёев.
24 октябрдаги сайловда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев кечадан эътиборан Фарғона водийсидаги вилоятлар бўйлаб сафарга чиққани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Президент сайловида ЎзЛиДеП номзоди бўлмиш Ш. Мирзиёевдан ташқари ЎзХДП, “Адолат”, “Миллий тикланиш” ва Экологик партиядан номзодлар иштирок этади.