24 сентябрь куни Самарқандга етиб борган Шавкат Мирзиёев сайловолди тадбирларини биринчи президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлаган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйилиб, Қуръон тиловат қилинди", дейилади расмий хабарда.
Маҳаллий нашрларнинг Мирзиёевдан иқтибос келтиришича, сайловчилар билан учрашув чоғида амалдаги давлат раҳбари Самарқанд шаҳрини кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, янги кўп қаватли уйлар ва йўллар қуриш режалари ҳақида гапирган.
Мирзиёев шунингдек, Регистондаги Шердор ва Тиллакори мадрасаларини қурдирган ўрта асрлардаги Самарқанд ҳокими Баҳодир Ялангтўш ҳамда Ўзбекистоннинг собиқ коммунист раҳбари Шароф Рашидов номларини абадийлаштиришни таклиф қилган.
ЎзЛиДеПдан президентликка номзод бўлган Мирзиёев "Самарқандга яқин жойда нефть топилгани"ни ҳам айтган, аммо тафсилотларни очиқламаган.
"Яна кўплаб ер ости хазиналаримиз бор. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳақида ҳозир айтмоқчи эмасман. Чунки бу лойиҳалар бўйича пухта режа ишлаб чиқишимиз керак. Лекин афсуски бизда етакчи геологлар йўқ, геология соҳасини ўлдирганмиз» — деб айтган Шавкат Мирзиёев.
24 октябрдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев бундан аввал Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига сафар қилган эди.
МСК қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда шу йил 20 сентябридан президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланган.