Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишдан олдин улардан рус тили бўйича тест олишни таклиф қилди. “Север.Реалии” суҳбатлашган экспертлар ушбу янги қоида янги коррупция схемаларини яратади ва россияликлар билан мигрантлар ўртасидаги жарликни янада кенгайтиради, дейишмоқда.
Қозоғистондаги нефт ширкатида ишловчи Анвар қизини Санкт-Петербургдаги ОТМлардан бирига ўқишга жўнатган. У Қозоғистон Божхона иттифоқи, КХШТ ва бошқа давлатлараро бирлашмалар аъзоси эканига қарамай, қизининг Россия институтига кириши асаббузарлик ва бюрократик қийинчиликларсиз бўлмаганидан, ҳатто пора таъма қилишганидан қаттиқ ранжиганини айтади.
“Қизим ўқишга киришидан олдин биз 90 кун Қозонда рўйхатда турдик, ўша ерда у ЕГЭ (Ягона давлат имтиҳони)ни топширди. Қизим институтга қабул қилингач, чет эллик талабаларга масъул бўлган деканат ходимаси: “Қизингизни Петербургда рўйхатдан ўтказишим керак, маҳаллий полициячиларнинг оғзини мойламаса бўлмайди”, дея жанжал кўтарди. Қизимга анчага довур ётоқхона беришмади, регистрацияси йўқлиги учун ижарага квартира ололмадик. Ахийри рўйхатдан ўтганимизда ҳам унга “бир йил Россия ҳудудидан ташқарига чиқмасин”, деган ноқонуний талаб қўйилди. Шунинг учун таътилда қизим Қозоғистонга келолмади, биз ўзимиз уни кўргани атай Петербургга бордик”, дейди Анвар.
Яқин истиқболда Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларининг Россия ўқув юртларига кириши янада қийинлашади. Дума спикери Вячеслав Володин мигрантларнинг болаларини мактабга қабул қилишдан олдин уларнинг Россия ҳудудида қонуний яшаётганини текширишни, улардан рус тили бўйича мажбурий тартибда тест олишни ва ушбу тестсиз уларни умумтаълим ташкилотларига қабул қилишни тақиқлашни таклиф қилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси тез орада ишлаб чиқилади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Октябрь ойи охирларида Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев шундай чақириқ билан чиққан эди. “Мамлакатимизда бўлиб турган мигрантларнинг оилалари алоҳида эътибор талаб қилади. [...] Тез-тез муҳокама қилинаётган бир вазият мавжуд. Бу мактаблар ва бошқа ўқув муассасаларига рус тилини билмайдиган болалар қабул қилинаётгани билан боғлиқ. Умумий таълим даражасига зарар етказаётган бунақа ҳолатларга чек қўйиш керак”, деган эди у.
Ноябрнинг бошларида Владимир Путин Рус тили ва Россия халқларининг тиллари бўйича кенгаш йиғилишида “чет элликларнинг рус тилини билмайдиган ёки жуда оз биладиган болалари билан иш олиб боришнинг ягона федерал алгоритмини ишлаб чиқиш”га чақирди.
Россия мактабларида таълим олаётган 17 миллион ўқувчидан 180 минг нафари – мигрантларнинг фарзандларидир. Ўқув йили бошида Маориф вазирлиги мактабларга имкониятга қараб бунақа болалардан битта синфга учтадан ортиқ олмасликни тавсия қилган эди. Таълим мулозимлари уларни ўқитишни махсус эътибор талаб қиладиган болаларни ўқитишга тенглаштирганлар.
Махсус сўровда иштирок этган 2 мингдан зиёд мактаб ўқувчиларидан 53 фоизи мигрантларнинг фарзандларида рус тили билан боғлиқ муаммолар борлигини қайд этган.
“Қўлларидан келганча тортишяпти”
Россияга катта миграция оқими 1990-йиллардан бери бўлса-да, мигрантларнинг фарзандларини адаптация қилиш бўйича умумий давлат дастури ҳануз ишлаб чиқилмаган. 2021 йилда Путин рус тили она тили бўлмаган ўқувчиларга таълим бериш давлат тизимини яратишга фармойиш берган эди. Бир йил ўтиб маориф вазири Сергей Кравцов мактабларда мигрантларнинг болалари учун рус тили курслари очилишини маълум қилган. Бироқ амалиётда ҳеч нима ўзгаргани йўқ.
“Қоғозда адаптация ҳам бор, психологлар ҳам. Амалда эса ҳеч вақо йўқ. Уларни бош оғриғи деб билишади. Бола ўз ҳолига ташлаб қўйилган, тилни эплаганича ўрганяпти. Ўқитувчилар уни қўлларидан келганча тортишади, бир-бирларига нолишади, бунақа болалар мактабга келмаганида хурсанд бўлишади”, дейди москвалик ўқитувчи.
“Ҳеч бўлмаганда мактабда психология-педагогика комиссияси тузиш, бола ривожланишда оқсаётгани ҳақида юқорига маълум қилиш мумкин. Бу лоақал унга қўшимча соатлар ва ўқитувчига устама ундиришнинг қонуний йўли. Лекин, агар ўзи тилни яхши ўзлаштира олмаса, мактабни аттестатсиз, фақат маълумотнома билан битиради. Бунақа болаларни бир амаллаб тўққизинчи синфгача тортиш мумкин”, Нижегородск вилоятидаги мактаб ўқитувчиси.
Давлат йиллар бўйи ҳал қилмаган ушбу муаммо эндиликда мигрантларнинг ўзларига ташлаб қўйилмоқда: эмишки, ота-оналарнинг ўзлари жавобгар, Россияга оилавий кўчиб келишаётган экан фарзандларининг рус тилини ўрганишини таъминлашлари шарт.
“Бир томондан бу тўғри, бола рус тилини ўрганишига ота-оналар масъул... Бизнинг Мурманскда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келганлар кўпдан бери яшашади, уларнинг 80 фоизи рус тилини билади. Болалар билан муаммо бўлади, албатта: синфдошлари миллати важидан камситади ёки ота-она рус тилини яхши билмагани учун боласининг уй вазифаларига кўмаклаша олмайди. Умуман, бегона тилда таълим олиш жуда мураккаб иш”, дейди ўғли Россия мактабида ўқийдиган марказий осиёлик Гўзал.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Россияга ақлий меҳнат билан шуғулланадиганлар келмаяпти
Ўрта таълим олиш ҳар қандай инсоннинг конституцион ҳуқуқи эканига қарамай, мактабга бормайдиган болалар қатлами аллақачон пайдо бўлган. Чунки оиланинг Россияда яшаши қонуний ёки қонуний эмаслиги мактаблар орқали текширилади, дейди мигрантларга кўмаклашувчи нотижорат ташкилот ходими. Текширувлар кучайгани сайин таълимдан узилиб қолган болалар сони ортиб, криминоген вазият оғирлашаверади, дея ташвишланади у.
Аммо Петербургдаги собиқ мактаб директори Дима Зицер фикрича, ушбу муаммонинг ечими бор.
“Давлат дастурлари бўлмаганида мигрантлар болаларининг таълими 100 фоиз мактаб директорларига боғлиқ. Педагоглар профессионал ва директор яхши бўлса, бола учун алоҳида курслар ташкил қилади. Болалар тилни осон ўрганади, ана шу жиҳат муҳим, – тушунтиради Зицер. – Дарсларни рус тили ва адабиёти муаллимларига юклаш мумкин. Умуман, муаммо кўлами бу қадар катта экан, умумдавлат методикаси ва дастурлари ишлаб чиқилиши лозим. Ўзга тил муҳитига кириш ҳар қандай бола учун даҳшат, бу жиддий жароҳат қолдириши мумкин. Тил курсларидан ҳам аввал умумий қўллаб-қувватлаш курслари керак. Бизда эса болалар учун ҳеч нима қилишмаяпти, уларни тамғалашяпти, холос”.
Берлиндаги Карнеги маркази эксперти Темур Умаров янги қонун мигрантлар ва россияликлар ўртасидаги зиддиятлар сонини янада оширишига аминлигини айтади.
“Россияга узоқ муддатга келадиган мигрантлар интеграция бўлишда ва рус тилини ўрганишда қийналишади энди. Жамиятда низолар, норозилик кучаяди. Бепул ўрта таълим шу пайтгача бу одамларни интеграция қилишнинг асосий воситаси эди. Мактабларда улар Россия жамияти нималигини, унинг қадриятларини ўрганишар, янги танишлар орттиришарди. Тадқиқотларга кўра, мигрант аёллар Россияга тезроқ интеграция бўлишар экан, чунки улар синф мажлисларига боришади ва бошқа ота-оналар билан мулоқотда бўлишади. Марказий Осий мамлакатларининг таълим тизимида рус тилига ҳануз етарлича ўрин ажратилган, йирик шаҳарлардаги аксар мактабларда рус тилли синфлар бор. Лекин рус тилига қизиқиш пасаймоқда, бунинг сабаби ушбу мамлакатлар ҳукуматларининг сиёсати эмас. Илгари рус тили карьера қилиш имкониятларини очувчи тил ҳисобланарди, аммо Россияга ақлий меҳнат билан шуғулланадиганлар келмаяпти, шу боис ота-оналар болаларига бошқа чет тилларини ўргатишни афзал кўришмоқда”, дейди эксперт.
“Север.Реалии” суҳбатлашган тожикистонлик икки мигрант мактабларда қанақа тестлар жорий қилинмасин, ҳар қандай муаммони пул билан ҳал этиш мумкинлигини айтди. Уларга кўра, ҳатто кам ҳақ тўланадиган ишларда ишловчи мигрантлар ҳам фарзандларини яшаш жойи бўйича рўйхатга турмасдан бир оз пора эвазига мактабга жойлашмоқда.
Қозоғистондаги нефт ширкатида ишловчи Анвар қизини Петербургга ўқишга юборганидан афсусланмаслигини айтади: шаҳар ҳам, институтдаги таълим сифати ҳам қизига маъқул бўлибди. Марказий Осиёдан Европа, Хитой ва АҚШга бориб ўқиётган ёшлар сони ортаётган бўлса-да, Россия таълими ҳамон сифатли ва обрўли ҳисобланади, дейди “Север.Реалии” суҳбатдоши.