17 июнь куни Ўзбекистон Бош давлат санитария врачи қарорига кўра, аҳолининг 14 та қатламини коронавирусга қарши мажбурий эмлаш бошланди.
Эмлаш жараёнида иштирок этаётган шифокорлар маълумотига кўра, ҳозирда аҳолида вакцина турини танлаш имкони деярли йўқ - эмлаш жараёнида, асосан Хитой-Ўзбек вакцинаси ишлатилмоқда.
Шифокорлар фикрича, ушбу вакцина борасида тўлиқ маълумот берилмагани оқибатида пайдо бўлган миш-мишлар сабаб одамлар эмланишдан қўрқмоқда.
Расмийлар аҳолини “ёлғон ахборот”ларга ишонмасликка чақириб, Хитой-Ўзбек вакцинасининг самарадорлиги синовларда тасдиқланганини таъкидламоқда.
Шу пайтгача мамлакатда коронавирусга қарши жами 5 миллиондан зиёд вакцина ишлатилган бўлиб, унинг 4 миллион дозадан кўпроғи айнан Хитой-Ўзбек вакцинасидир.
Эмланишдан қочиш уринишлари
Аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектлари, жумладан, банк ходимлари ҳам янги тартибга кўра, мажбурий эмланишлари лозим.
Тошкентдаги банклардан бирида ишловчи Нигора эса мажбурий эмланишдан озод бўлиш йўлларини изламоқда:
“Мен вакцина олмоқчи эмасман. Докторлар билан гаплашсам, саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган одамлар мажбурий эмланмаслигини айтишди. Мен болалигимда ревматизм бўлгандим. Шу ҳужжатимни тикласам, вакцина олмаслигим мумкин экан”.
Эмлаш жараёнида иштирок этаётган бухоролик шифокор эса мажбурий эмлаш билан боғлиқ айрим ҳолатлардан хавотир билдирди:
“Бир ой аввал орган ходимларини мажбурий эмлаш бошланди. Улар эмлангани ҳақида справка олиб бормаса, ишхонасига киритилмади. Энди бу справкани сохталаштириш имкони йўқ, чунки маълумотлар базасида исми чиқиши шарт. Бўлмаса сохталиги билинади. Лекин вакцина истамаётганлар фақат 1-дозани мажбурий олиб, 2- ва 3-дозаларни олишга келишмаяпти. Чунки ташкилотларга ҳам “эмланди” деган справка бўлса бўлди”.
Хитой-ўзбек вакцинасига қизиқиш кам?
Мавзуга алоқадор Ўзбекистонда аҳолининг 14 қатлами мажбурий эмланиши мумкинЎзбекистонда коронавирусга қарши мажбурий эмланиши шарт 14 қатлам орасида ўқитувчилар ҳам бор.
Самарқандлик ўқитувчи аёл Озодлик билан суҳбатда ҳозирча вакцина олишга шошилмаётганини айтиб, бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади:
“Туман Халқ таълими бўлимидан поручение келибди. Директор 1 сентябргача коронавирусга қарши вакцинанинг 1-дозасини олиш шартлигини айтди. Мактаб бошланишига қўлимизда “вакцина олди” деган справка билан боришимиз керак экан. Бўлмаса мактабга киритилмас эканмиз. Суриштирсам, фақат Хитой-Ўзбек вакцинаси бор экан. Мен Спутник вакцинасини олмоқчи эдим. Лекин бу вакцина йўқлигини айтишди. Бу вакцина ҳақида Россия телеканаллари орқали жуда кўп реклама қилинди. Шунинг учун шу вакцинага ишоняпман. Хитой-Ўзбек вакцинаси ҳақида маълумот кам, бу вакцина ҳақида Интернетда ҳар хил видеолар ҳам чиқиб кетган. Шунинг учун уни олишга қўрқяпман. Сентябргача Спутник вакцинаси келиб қолар, деб умид қиляпман”.
Кўпгина давлатларда синов жараёнлари билан боғлиқ маълумотлар етарли эмаслиги важидан самарадорлиги савол остига олинаётган “Спутник V” вакцинасига ўзбекистонликларнинг қизиқишини янгийўллик шифокор шундай изоҳлади:
“Вакцина олишга келганларга фақат Хитой-Ўзбек вакцинасини тавсия қиляпмиз. Бизда бошқа вакцина йўқ. Икки ой аввал “Спутник V” вакцинасидан туманлар кесимида 20 дозадан тарқатилди. Бу дозалар мулозимларимиздан ортмади. Ҳозир одамлар шу вакцинани кутяпти. Пулга бўлса ҳам шу вакцинадан қилдиришни истаётганлар бор. Хитой-Ўзбек вакцинасига қизиқиш деярли йўқ. Мажбурий олиши шарт бўлганлар иложсиз шу вакцинани оляпти. Лекин бошқалар бу вакцинага Ўзбекистон аралашгани учун унча ишонмаяпти. Худди ўзимизни машиналар сингари вакцина ҳам яхши бўлмаслигини айтишяпти. Кўпчилик Россия телеканалларини кўради. Бу каналларда “Спутник V” ҳар куни ўнлаб марта реклама қилинади. Одамлар шу рекламаларга ишоняпти. Нимага ўзимизни каналлар Хитой-Ўзбек вакцинасини шундай кенг реклама қилмаяпти?”.
Куни кеча Тошкент Асаб ва руҳият илмий-тиббий маркази директори, профессор Зарифбой Ибодуллаев ҳам Хитой-Ўзбек вакцинасининг яратилиш босқичлари ҳақида маълумот йўқлигини айтиб, уни қўллашни шубҳа остига олди.
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги профессор “Ибодуллаевнинг эътирозлари ноўрин ва ҳақиқатга умуман тўғри келмайди, у томонидан тарқатилган видео материаллар Ўзбекистонда амалга оширилаётган оммавий вакцинация жараёнларида аҳолини чалғитишга хизмат қиляпти”, дея баёнот тарқатди.
Мавзуга алоқадор Хитой вакцинаси “британча” ва “бразилча” штаммга қарши ҳам самарали экани иддао қилиндиМазкур вакцина Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилиб, Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган.
У ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир.
Хитой Ўзбекистонни мазкур вакцина ҳаммуаллифи деб эълон қилган ва вакцинага ZF-UZ-VAC2001 деб ном берилган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу вакцинага оид саволларга махсус дайжест орқали жавоб топиш мумкинлигини эслатди.
Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонга жами 8 миллион 580 минг доза вакцина олиб келинган. Улардан 370 минг дозаси "Спутник V", 710 минг дозаси AstraZeneca, 7,5 миллион дозаси ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидир. Шу пайтгача 5 миллиондан кўпроқ доза ишлатилган.
Сўров: Сиз вакцина олдингизми?
Озодликнинг Телеграм каналлари орқали 20 июль куни ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг тенг ярми вакцина олиш нияти йўқлигини айтган.
Сўровда иштирок этган 15 мингга яқин кишининг 31 фоизи вакцина олгани ва 19 фоизи вакцина олишни режалаётганини маълум қилган.
Ушбу сўровда қатнашган тошкентлик Мафтуна Озодлик билан суҳбатда Хитой-Ўзбек вакцинасининг 3та дозасини ҳам олганини айтади.
“Мен вакцина олишга қўрқаётганларни умуман тушунмайман. Ўзим ҳар йили гриппга қарши вакцинани ҳам олардим. Ишхонамга келиб-кетувчилар кўп. Ҳар куни ўнлаб одам билан мулоқот қилишга тўғри келади. Шунинг учун апрелнинг ўртасидаёқ биринчилардан бўлиб вакцина олдим. Хитой-Ўзбек вакцинасининг учта дозасини ҳам олдим. Ҳеч қандай побочний асоратлари ҳам бўлмади. Оддий грипп вакцинаси қандай бўлса, худди шундай. 1-2 кун укол қилинган жойи оғриб турди. Бўлди, кейин худди укол олмагандай юраверасиз. Мана энди бемалол ковид юқтиришдан қўрқмасдан юрибман”- дейди Тошкентдаги гўзаллик салонларидан бирида сартарош бўлиб ишловчи Мафтуна.
Вакцинага оид фатво
Ўзбекистон ҳукумати коронавирусга қарши оммавий эмлаш кампаниясига диний уламоларни ҳам жалб этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакцина борасида махсус фатво ҳам чиқарди.
"Вакцина олмаслик, унинг таркиби тўғрисида бўлмағур гапларни тарқатиш дуруст эмас. Давлатимиз барча талабларга жавоб берувчи вакциналар воситасида оммавий равишда эмлаш ишларини амалга ошираётган экан, барча юртдошларимиз ўзлари ва оила аъзоларини, шифокорлар билан келишган ҳолда, эмлатишлари мақсадга мувофиқ бўлади", дейилади фатво матнида.
Айтилишича, идоранинг турли вилоятлардаги вакиллари аҳоли орасида вакцина олиш ва бу борадаги фатвонинг мазмунини тушунтириш ишларини олиб бормоқда.