Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов уруш пропагандаси билан шуғулланаётган россиялик хонандаларнинг Ўзбекистонга келиб, концерт беришга уринаётганига изоҳ бераркан, “ҳамма нарсага чегара тутиш мумкин, аммо санъат – чегарасиз соҳа”, дея урғулади.
Kun.uz нашри мухбири Илёс Сафаровнинг “Украинадаги уруш борасида нейтрал позицияда эканини билдирган Ўзбекистон расмийлари нега Z-артистнинг концерти масаласида нейтраллик кўрсатмаяпти?” деган саволига жавоб бера туриб, концертлар уюштиришнинг “қайсидир давлатларнинг бир-бирига бўлган муносабатига ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ”лигини айтди.
Ўтган ой россиялик хонанда Григорий Лепс шу йил 23 октябрида Тошкентда чиқиш қилиши ҳақида хабарлар тарқагани ортидан ижтимоий тармоқларда бу концертларни бекор қилиш талаблари янграй бошлаган, блогер Мирзо Зоминий эса ўз Telegram-канали орқали #LepsKerakmas хэштеги билан кампания бошлаган эди. Блогер ўз ташаббусини қўшиқчи Лепснинг Украинадаги урушни дастаклаётгани билан изоҳлаган.
Аввалроқ россиялик хонандалар Григорий Лепс ва Николай Басков Украина Қуролли кучларига оид танкларни йўқ қилган ҳар бир кишига бир миллион рублдан мукофот беришларини эълон қилишган эди. Зоминийга кўра, Ўзбекистон россиялик жангчиларни мукофотлаш учун пул йиғиладиган жой эмас. “Қонхўр машина ёқилғи билан таъминланишига йўл қўйманг“, деб ёзган эди блогер икки ҳафта муқаддам.
Вазир муовини Аҳмедов бу каби ташаббусларга муносабат билдираркан, “анави ғийбат, фисқу фасод, пулни қаергадир ишлаётган экан, деган гаплардан йироқ бўлиш керак”, дея таъкидлаган.
Журналист томонидан ўтган ой қўшни Қозоғистонда бир гуруҳ фаоллар ташаббуси билан Лепснинг концерти бекор қилингани эслатилганида эса Аҳмедов: “Бу – ён қўшниларнинг ўз сиёсати, ўз дунёси. Улар ўзи учун жавоб берсин, биз ўзимиз учун жавоб берамиз”, дея қайд этган.
Ўтган ҳафтада россиялик қўшиқчи Ирина Дубцованинг 25 июнь куни Тошкентдаги “Оби ҳаёт” ресторанида бўлиб ўтиши режаланган концерти бекор қилинган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда Григорий Лепснинг ҳам Тошкентдаги концерти бекор қилинажаги ҳақида гап-сўзлар тарқаган, бироқ бу маълумот ўз тасдиғини топган эмас - Лепс концерти учун чипталар ҳали ҳам сотилаётгани айтилмоқда.