Ўтган йилнинг 1 октябридан шу кунга қадар АҚШнинг жанубий чегарасидан 57 минг 200 нафар ноқонуний мигрант ўтиб, Калифорния штатигача етиб олишга уринган. Уларнинг 2900 нафарини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. Бу ҳақда Fox News телеканали АҚШ Чегара-божхона хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Хизмат қайдича, ҳибсга олинганларнинг 27,5 минг нафари хитойлик, 8,9 минг нафари ҳиндистонлик, 7,8 минг нафари туркиялик, 4,4 минг нафари мавританиялик, 3 мингга яқини вьетнамлик, 5,6 минг нафари эса гвинеяликдир.
Мигрантларнинг айримлари Fox News’га АҚШга яхши ҳаёт истагида келганини айтишган.
“Инглизчам унча яхши эмас, Қўшма Штатларда ҳам ҳеч кимни танимайман. АҚШга келгандан кейин ҳаммасини бошидан бошлашимга тўғри келишини биламан. Бироқ мен келажакда турмушим яхши бўлишини ва фарзандларим яхши таълим олишини хоҳлайман. Мен имкон қадар тезроқ АҚШда ўрнашиб олишни истайман”, деган ноқонуний мигрантлардан бири.
2023 йилда АҚШнинг жанубий-ғарбий чегарасига 2,5 миллиондан зиёд мигрант келган. Уларнинг кўпчилиги мамлакатга кириб олишга муваффақ бўлган.
Аввалроқ ўтган йили Марказий Осиё мамлакатларидан келаётган мигрантлар сони сезиларли даражада ошгани – бу минтақадан бўлган 50 мингдан зиёд одам ноқонуний йўллар билан АҚШга йўл олгани хабар қилинган. Улардан 17 мингга яқини Ўзбекистондан, 7 минги Қирғизистондан, 3 минги Тожикистондан, 2700 нафари Қозоғистондан, 2 минги эса Туркманистондандир.
АҚШ статистик маълумотларига кўра, марказий осиёликлар дохил ноқонуний мигрантлар оқими бу йил ҳам камаймаяпти.
2021 йил октябридан 2023 йил октябригача АҚШ чегарасидан ноқонуний ўтган 13 мингдан зиёд қўлга олинган.
Ўтган йил декабрида АҚШга ноқонуний йўл олган 119 нафар ўзбекистонлик ватанига экстрадиция қилинган эди.
Озодлик радиоси ўтган йил август ойининг охирларида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликларнинг АҚШга Лотин Америкаси давлатлари ва Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши хусусида сўз борган.