Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони, 19 июль ҳолатига кўра, 1 миллион 23 минг 425 нафарни ташкил қилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, душанба куни мамлакат ҳудудлари бўйлаб COVID-19 га қарши 158 минг 102 доза вакцина қўлланилган.
ССВ маълумотига кўра, шу кунгача Ўзбекистонда жами 5 миллион 803 минг 255 доза вакцинадан фойдаланилган. Улардан 1-босқичда эмланганлар сони 3 миллион 667 минг 979 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 1 миллион 553 минг 512 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 581 минг 764 нафарни ташкил этган.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш кампанияси шу йил 1 апрелидан бошланган.
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистондаги жами вакцина захираси 7,5 миллион дозадан ошганини билдирган. Мамлакат аҳолиси ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинаси, Россияда ишлаб чиқилган "Спутник V" вакцинаси ҳамда Британияда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакцинаси билан эмланмоқда.