Афғонистон пойтахти Кобулда 5 сентябрь куни Россия элчихонаси биноси ёнида портлаш содир бўлди, дея хабар қилди Al Arabiya.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса соат 11 ларда рўй берган – худкуш шахс ўзини элчихона биноси яқинида портлатган. Маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, портлаш юз берган жойга кўплаб «тез ёрдам» машиналари етиб борган.
Россия давлат агентликлари манбалар сўзларига таянган ҳолда, худкуш шахс ўзини виза учун навбатда турган пайтда портлатиб юборганини иддао қилишмоқда. Портлаш россиялик дипломат виза олишга даъвогарлар исмларини ўқиш учун ташқарига чиққан пайтда рўй берган. Ҳодиса оқибатида 15 нафардан 20 нафаргача одам ўлгани ва жабрлангани айтилмоқда.