Каховка ГЭСи тўғони ёрилишига халқаро муносабат

Тўғон ёрилиши оқибатида ўнлаб аҳоли пунктларини сув босди.

Украина президенти Владимир Зеленский Каховка ГЭСи тўғонининг ёрилишини “оммавий қирғиннинг экологик бомбаси” деб атади ва Россияни айблади.

Қремль матбуот котиби Дмитрий Песков тўғон ёрилишига Россиянинг алоқаси йўқлигини билдирди ва бу воқеани “Киев режаси асосида амалга оширилган диверсия” деб атади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш тўғоннинг ёрилиши “монументал гуманитар, иқтисодий ва экологик ҳалокат” бўлди деб билдирди.

Германия канцлери Олаф Шольц бу воқеада Москвани айблади. Шольц “Бу Украина қарши ҳужумини тўхтатиш мақсадида амалга оширилган агрессия бўлди”, деб баёнот берди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Twitter саҳифасида “Бу аблаҳона ҳаракат Россиянинг Украинадаги уруши нақадар аёвсиз эканини намойиш қилган яна бир акт бўлди”, деб ёзди.

Оқ уй расмий вакили Жон Кирби Вашингтон тўғон ёрилиши сабабларини аниқлаш учун ўрганиш ишларини олиб боришини билдирди. “Дастлабки маълумотлардан жабрланганлар борлигидан, жумладан, кўплаб одам ҳалок бўлгани эҳтимолидан хабардормиз. Лекин ҳозир уларнинг аниқ сонини айта олмаймиз”, -деди Оқ Уй расмий вакили.

Украина ҳукумати тўғон ёрилишини муҳокама қилиш учун БМТ Хавфсизлик кенгашини чақиришни ва Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этишни сўрамоқда.

Каховка ГЭСи тўғони ёрилгани тўғрисида 6 июнь куни хабар берилган эди. Президент Зеленскийнинг билдиришича, тўғон ёрилиши оқибатида 80 та аҳоли пункти сув остида қолиши мумкин. Айни пайтда расмийлар ўндан ортиқ аҳоли пунктини сув босгани ва камида 16 минг киши эвакуация қилинганини билдирган.

1956 йилда қурилган тўғоннинг баландлиги 30 метр, узунлиги 3,3 километрни ташкил қилган. У Россия 2014 йилда аннексия қилган Қрим ярим оролини сув билан тўлиқ таъминлар эди.