АҚШ президенти маъмурияти Каховка ГЭСи тўғони ёрилишига ким сабабчи бўлганини ҳозирча аниқ ишонч билан айта олмайди. Бу ҳақда Оқ Уй расмий вакили Жон Кирби маълум қилди. Унга кўра, Вашингтон бу воқеа юзасидан барча маълумотларни йиғади ва ўрганиб чиқади.
АҚШ ҳукуматининг икки расмийси ва Ғарбдаги бир нафар расмий манба аввалроқ NBC News телеканалига президент маъмурияти ГЭСга Россия ҳужум қилган бўлиши эҳтимоли тўғрисида разведка маълумотларига эга экани тўғрисида айтган эди.
Жон Кирби журналистнинг ГЭС тўғони ёрилиши Украинанинг қарши ҳужумга ўтишига қандай таъсир кўрсатиши тўғрисидаги саволига бу борада ҳар қандай прогнозларни қилишга ҳали эрта эканини айтди. Унга кўра, тўғон ёрилиши Украина энергетик хавфсизлигини жиддий таҳдид остида қолдириши мумкин.
Кирбига кўра, умрлари, шаҳарлари ва қишлоқлари хавф остида қолган украиналикларга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва уларга керакли ёрдам кўрсатилмоқда.
“Дастлабки маълумотлардан жабрланганлар борлигидан, жумладан, кўплаб одам ҳалок бўлгани эҳтимолидан хабардормиз. Лекин ҳозир уларнинг аниқ сонини айта олмаймиз”, -деди Оқ Уй расмий вакили.
Каховка ГЭСи тўғони ёрилгани тўғрисида 6 июнь куни хабар берилган эди. Президент Зеленскийнинг билдиришича, тўғон ёрилиши оқибатида 80 та аҳоли пункти сув остида қолиши мумкин. Айни пайтда расмийлар ўндан ортиқ аҳоли пунктини сув босгани ва камида 16 минг киши эвакуация қилинганини билдирган.
1956 йилда қурилган тўғоннинг баландлиги 30 метр, узунлиги 3,3 километрни ташкил қилган. У Россия 2014 йилда аннексия қилган Қрим ярим оролини сув билан тўлиқ таъминлар эди.