Янги тадқиқот натижаларига кўра, чекишни ташлаган кашандаларда шикастланган ҳамда саратон келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳужайралар ўрнини соғлом ҳужайралар эгаллаши мумкин.
Бундан олдин ҳам чекишни ташлаш ўпка саратони ва бошқа касалликларга чалиниш хавфини озайтириши маълум эди. Nature журналида чоп этилган илмий мақолада эса чекишни ташлашнинг фойдаси бундан ҳам кўпроқ эканлигини аниқлангани айтилади.
Мақола муаллифларидан бири, Уэлкон Сенгер институти ходими Питер Кэмпбелл бу натижалар чекишни ташлаш илинжида юрганларга умид бағишлашини айтди.
“30, 40 йил ёки ундан ҳам кўп чекиб келган шахслар ташлашга энди кеч, зиён етказиб бўлганман, дейишади. Бизнинг тадқиқотимизнинг ажойиб жиҳати — чекишни ташлашга ҳеч қачон кеч эмаслигини кўрсатди”, деди олим.
Кэмпбеллнинг сўзларига кўра, тадқиқотда қатнашган шахсларнинг айримлари умри давомида 15 мингдан кўп папирос қутисини тугатган.
“Аммо чекишни ташлашганидан кейин бир неча йил ўтиб, уларнинг нафас йўлидаги кўплаб ҳужайралардан тамаки келтирган зиён излари йўқолди”, деди у.
Тадқиқот давомида 16 нафар шахс, жумладан, чекувчилар, чекишни ташлаганлар, умрида чекмаганлар ҳамда болалар ўпкасидан олинган биопсиялар таҳлил қилинган.
Ҳозирда чекаётганларнинг 10 нафарида ўпка ҳужайраларида мутациялар, жумладан, саратонга олиб келиши мумкин бўлган мутациялар кузатилган. Аммо чекишни ташлаганларда шикастланган ҳужайралар ўрнини соғлом ҳужайралар эгаллагани кузатилган.
Чекишни ташлаганларда ўпкадаги барча ҳужайраларнинг 40 фоизигача бўлган қисми соғлом эканлиги кузатилган. Солиштириш учун, ҳануз чекаётганлар ўпка ҳужайраларининг атиги 10 фоизи соғлом бўлган.
Кэмпбелл шикастланган ҳужайралар мўъжизали тарзда ўзини-ўзи тузатмагани, балки уларнинг ўрнини тамакидан зарар кўрмаган ҳужайралар эгаллаганини айтди.
Илмий мақолага тақриз ёзган профессор Гер Пфайфер уни олқишлади, аммо тадқиқотда оз сонли инсон ўрганилгани унинг камчилиги эканлигини айтди. Шундай бўлса-да, Пфайфер тадқиқот “чуқурроқ ўрганишга арзийдиган қизиқарли саволларни туғдиради”, деб ёзди.
Кэмпбелл кейинги қадам ўлароқ соғлом ҳужайралар захирасини топиш ҳамда улар шикастланган ҳужайралар ўрнини қай тарзда эгаллашини аниқлаш кераклигини урғулади.