Қирғизистонда Кампиробод сув омборининг “Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлатилиши”га қарши чиққани ортидан Жиноят кодексининг бир неча моддалари асосида айбланиб қамоққа олинган фаоллар АҚШ, Германия, Франция, ЕИ элчиларига, Европарламент ва Еврокомиссияга мурожаат йўллади.
Мурожаатда президент Садир Жапаровга, министрлар кабинети раиси Акилбек Жапаровга, миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевга, бош прокурор Қурманқул Зулушевга, ички ишлар вазири Улан Ниязбековга ва уларнинг оила аъзоларига санкциялар жорий этиш илтимос қилинган.
“Бу мурожаат “Кампиробод иши” бўйича қамоқда сақланаётган мухолифатчи Равшан Жээнбековнинг Фейсбук саҳифасида эълон қилинди”, - деб хабар берди Озодликнинг қирғиз хизмати.
“Юқорида исмлари аталган олий даражадаги давлат хизматчилари Қирғизистонда фундаментал эркинликларнинг чекланишига, инсон ҳуқуқларининг бузилишига, коррупцияга, фуқаролик жамияти, мустақил журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолиф сиёсатчиларни қувғин қилишга бевосита ҳамда билвосита алоқадор деб ҳисоблаймиз”, - дейилади мурожаатда.
2022 йил октябрида Қирғизистонда оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланиб, 27 нафар сиёсатчи ва фаол қўлга олинган эди. Қўлга олинганларнинг ўзлари жиноят ишини Кампиробод (Андижон) сув омбори остидаги ерларни Ўзбекистонга бериб юборилиши юзасидан тутган позициялари ва уни ҳимоя қилиш бўйича қўмита тузганлари учун сиёсий таъқиб унсури, деб ҳисоблайдилар.
Кейинроқ қўлга олинганларнинг айримларига “ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш”га ҳозирлик кўрганлик айблови ҳам қўйилаётгани маълум бўлган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги терговчилар айбланувчиларга нисбатан етарли далил тўплаганларини иддао қилмоқда.
22-23 июнь кунлари Бишкекнинг Биринчи май тумани судида дастлабки суд тингловлари бўлиб ўтган. Маҳкамага матбуот вакиллари қўйилган эмас. Гумонланувчиларнинг адвокатлари суддан жиноят ишидан махфийлик муҳрини олиб ташлаш ва суд жараёнини очиқ ўтказишни сўраганларини билдиришган.
Ҳозирда “Капиробод иши” бўйича қўлга олинганларнинг 14 нафари ҳибсда, 13 нафари уй қамоғида сақланмоқда.
2022 йилнинг 17 ноябрида қирғиз парламенти Ўзбекистон чегарасидаги Кампиробод сув омборини ҳамкорликда бошқариш тўғрисидаги шартномани ратификация қилган эди. Шартномага асосан Кампиробод сув омбори эгаллаган 4485 гектар ер Ўзбекистон ҳудуди сифатида тан олинган. Қирғизистон ҳукумати бунинг эвазига Ўзбекистондан 19 минг гектар ер олинганини билдирган.
Июль бошида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик (IPHR), Freedom for Eurasia, Норвегия Хельсинки қўмитаси расмий Бишкекни “Кампиробод иши” юзасидан “очиқ ва шаффоф суд жараёнларини” ўтказишга чақирган.