Жо Байденнинг АҚШ президенти этиб қайта сайланиш имконияти унинг сафдошлари ва демократлар партияси тарафдорлари томонидан шубҳа остига олинмоқда, дея хабар қилди Reuters агентлиги.
Намояндалар палатаси собиқ спикери, АҚШ президентининг узоқ йиллик сафдоши Нэнси Пелоси ўтган ой охиридаги муваффақиятсиз дебатлардан кейин президентлик пойгасида қолиш-қолмаслик юзасидан қарор қабул қилиш учун Байденда жуда кам вақт қолганини билдирди. MSNBC ёйинида берилган “АҚШ президентининг қайта сайланиш ниятини қўллайсизми?” деган саволга Пелоси аниқ-тиниқ жавоб берган эмас.
Америкалик актёр ва демократлар партияси учун маблағ йиғиш ташкилотчиларидан бири бўлган Жорж Клуни Жо Байденни сайловолди пойтасини тарк этишга чақирган. Бу ҳақда у The New York Times газетасидаги мақоласида билдирган.
Клунига кўра, у Жо Байден билан уч ҳафта аввал учрашганида бу одамнинг 2010 йилдаги Байденга ва ҳатто 2020 йилдаги Байденга ҳам ўхшамаслигини англаган. Клуни “ҳамма гап унинг ёшида”, бошқа ҳеч нарсада эмас, деб ҳисоблайди. У, агар демократлар партияси сайловга Жо Байден билан чиқадиган бўлса, ғалаба қозонолмайди, деб ишонади.
81 ёшли Байденни сайловолди пойгасини тарк этишга кўндириш мақсадида унга нисбатан босим президентликка номзод Дональд Трамп билан 27 июнь куни бўлиб ўтган муваффақиятсиз дебатлардан кейин кучайиб кетган. Ўшанда Байден доим ҳам ўз фикрини охиригача етказишга муваффақ бўлолмаган, баъзан керакли сўзларни излаб қолган, жавобларда адашиб кетган. Унинг бу тутуми The New York Times таҳририятининг “амалдаги президент пойгани тарк этиши керак” ва Байденнинг пойгада қолиши “ўйламай амалга оширилган авантюра” дея баёнот беришига туртки берган. Байденнинг ўзи дебатдаги муваффақиятсиз чиқишини халқаро парвозлар туфайли ҳорғинлик билан изоҳлаган.
Дебатдан кейин демократлар партиясининг бир неча ҳомийси, агар Байден пойгани тарк этмайдиган бўлса, кампания учун маблағ ажратишни бас қилишлари ҳақида огоҳлантиришган.
Байденни президентлик пойгасида иштирок этишдан бош тортишга Конгрессдаги демократлардан олти нафари чақирган (Намояндалар палатасидаги Вашингтон, Техас, Аризона, Иллинойс, Массачусетс ва Миннесота штатларидан бўлган депутатлар). Аввалроқ биринчи сенатор-демократ Майкл Беннет ҳам Байденга шу каби чақириқ билан чиққан. Беннетга кўра, бундай вазиятда пойгани тарк этиш мамлакат келажагига дахлдор ахлоқий танловдир.
Сенатдаги кўпчилик лидери Чак Шумер хусусий суҳбатда Байдендан бошқа демократлар партиясидан ҳар қандай номзод учун очиқлигига ишора қилган.
“Демократия ва миллат келажаги учун” қайта сайланишдан бош тортиш чақириғи билан Байденга бизнес ва фуқаровий жамият лидерлари ҳам мурожаат қилишган. Мазкур мактуб остига ҳозиргача демократик кайфиятдаги 168 нафар фаол имзо чеккан — мактуб Оқ уйга етказилганидан кейин ҳам имзолар келишда давом этмоқда, дея қайд этган The Washington Post нашри.
Президент Жо Байденнинг ўзи сайловда иштирок этиш ва унда ғалаба қозониш бўйича қарори қатъий эканини билдириб келмоқда. Оқ уй эса Байденнинг соғлиғига оид хавотирларни аритишга уриняпти.
АҚШда президент сайлови жорий йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтади. Республикачилар партиясидан президентликка номзод собиқ президент Дональд Трамп бўлиши мумкин. Байден номзоди расман демократларнинг август ойида бўлиб ўтадиган қурултойида тасдиқланиши лозим.