Қирғизистон парламенти депутатлари бирваракайига уч ўқишда Ўзбекистон, Хитой ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасидаги “Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасини биргаликда илгарилатиш бўйича ҳамкорликка оид шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллашган. Мазкур қарор депутатлар томонидан 19 июнь куни қабул қилинган.
Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, шартномага оид маълумотни Қирғизистон транспорт ва алоқа вазирининг ўринбосари Ирисбек Бариев тақдим этган. У қонун лойиҳасининг қабул қилиниши темир йўл қурилиши лойиҳаси бўйича амалий ишга ўтишга имкон беришини айтган. Шунингдек, вазир муовинига кўра, лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 10 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.
Шартноманинг ўзи уч мамлакат вакиллари томонидан 6 июнь куни Пекинда имзоланган. Кейин Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси лойиҳани ратификация қилиш учун Жўғўрқу Кенешга киритиб, ҳужжатни бирваракайига уч ўқишда навбатдан ташқари кўриб чиқишни сўраганю
Ҳужжатга мувофиқ, Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон темир йўл лойиҳасини амалга ошириш учун Қўшма лойиҳавий компания (ҚЛК) тузишади. ҚПК фаолиятини таъминлаш учун устав капиталидаги улушлар уч мамлакат ўртасида тақсимланади: улушнинг 51 фоизи Хитойга, 24,5 фоиздан эса Қирғизистон билан Ўзбекистонга тегади.
Шартномада темир йўл йўналиши “Қашғар - Тўруғарт - Мақмал - Жалолобод - Андижон” шаклида кўрсатилган.
Аввалроқ лойиҳа 4,7 миллаирд долларга баҳоланаётгани, ундан 2 миллиард 350 миллион долларини кредит сифатида ҚЛК олиши маълум бўлган. Қолган сумма эса уч мамлакатнинг ҳар бир томонидан киритилади.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаровга кўра, темир йўл қурилишини 2024 йил августиданоқ бошлаш режаланган.