Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши доирасида томонлар “лойиҳанинг амалга оширилиши механизми тўғрисида умумий англашувга эришгани”ни билдирган. Бу ҳақда Жапаров China State Railway Group Co., Ltd. бош директори ўринбосари Ван Тунцзюн билан 20 март куни ўтказилган учрашув чоғида айтган, дея маълум қилди Қирғизистон президенти матбуот хизмати.
Хабарномада қайд этилишича, Хитой ширкати вакиллари билан учрашув чоғида Жапаров ХХР раиси Си Цзинпиннинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусини дастаклашини айтган ҳамда бу ташаббус доирасида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши энг йирик транспорт лойиҳаси эканини қўшимча қилган.
“Давлат раҳбари Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон мазкур лойиҳани олға суриш учун фаол иш олиб бормоқда. Қирғизистон бу борада қатъий қарорга эга бўлиб, бу йўлни яқин бир неча йил ичида қуриб битказиш нияптида”, дея иқтибос келтирган Жапаров сўзларидан Озодликнинг қирғиз хизмати.
Ўз навбатида, Ван Тунцзюн томонидан ҳамкорликни олға суриш жараёнини тезлатишга ҳозирлигини урғулаган. Ўтган йил декабри охирида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати Бишкек ва Тошкент темир йўл қурилишини “молиялаштириш моделларининг оптимал вариантлари”ни ҳали ҳам муҳокама қилаётгани ҳақида маълумот тарқатган эди.
Расмийлар режасига мувофиқ, темир йўлнинг Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган 311 километрли қисми “Тўруғарт – Қўшдўбў – Қазарман – Жалолобод” йўналиши бўйлаб ўтади, қурилишнинг тахмини қиймати эса 4,7 миллиард долларни ташкил этади.
Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосламаси Хитой темир йўл қурилиши корпорацияси лойиҳа-тадқиқот институти томонидан тайёрланган. 2023 йилнинг июль ойида томонлар бу борада ишлар якунланганини эълон қилишиб, темир йўл қурилишининг техник-иқтисодий тарафдан мақсадга мувофиқлигини тасдиқлашганди.
Қирғиз расмийлари мазкур темир йўл Марказий Осиё минтақасини транспорт халтакўчасидан чиқариши ва жаҳондаги 4 миллиард кишини ўзаро боғлашини ҳамда Осиёдан Туркия орқали Европага, Яқин Шарққа ва Шимолий Америкага юк ташувларини кўпайтириши мумкинлигини бир неча бор урғулашган.
Бугунги кунда Хитойдан Европага жўнатилаётган юклар Қозоғистон, Россия ва Беларусь ҳудудлари орқали олиб ўтилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қуриладиган бўлса, бу мамлакалардан Яқин Шарқ ва Жанубий Европага юк етказиб бериш йўли 900 километрга қисқаради.