Давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин 20 апрель куни Шавкат Мирзиëев билан бирга Тошкентда қурилган “Корея Республикасининг Маданият ва санъат уйи”ни тантанали очди.
Маҳаллий матбуотда икки халқ ва давлат ўртасидаги муносабатларда янги давр бошлангани рамзи сифатида тақдим этилаëтган бу иншоот¸ “Sehwa Construction” МЧЖ бош директори Cho Jongyoungнинг 19 апрель куни Озодликка айтишича¸ кореялик пудратчи ва ўзбекистонлик кредиторларни чув тушириш ҳисобига қурилган.
Корея маданият уйининг Ўзбекистондаги бош қурувчиси “Sehwa Construction” МЧЖсидан миллиардлаб сўмлик кредит ва иш ҳақини ололмай сарсон бўлаëтган кредиторлар қарзларини ундиришни сўраб судга мурожаат қилган. Аммо қурилиш жараëнида келишув қоидалари ҳеч бир изоҳсиз ўзгартирилгани ортидан лойиҳани тугатишга қурби етмай қолган “Sehwa Construction” МЧЖ бош директори Озодлик билан суҳбатда Тошкент ҳукуматини ўз зиммасига олган мажбуриятни бажармаганликда айблади.
Тошкент ҳукумати қурилишни муддатидан олти ой олдин бажаришни талаб қилиб¸ қўшимча харажатларни қоплашни ваъда қилган¸ аммо бу ваъдаси устидан чиқмагани ортидан кредиторларга пул тўлолмай қолган “Sehwa Construction” раҳбари ширкатини банкрот деб топишни сўраб судга мурожаат қилганини билдирди.
Чиройли фасад ортидаги хунук можаро
20 апрель куни икки давлат телеканаллари камералари қаршисида президентлар Шавкат Мирзиëев ва Мун Чжэ Ин томонидан тантанали очилган “Корея маданият ва санъат уйи” ортидаги можаро тарихи беш йил олдин бошланган.
Тошкент марказида Ўзбекистон ва Жанубий Корея дўстлиги рамзи сифатида махсус маданият уйи қуриш таклифини илк бор 2014 йил июнь ойида ўшандаги президент Ислом Каримов Тошкентга келган ҳамкасби Пак Кин Хе билан учрашувда ўртага қўйган эди.
Бу таклиф Сеулнинг ўшандаги раҳбарига маъқул келган ва Ўзбекистондаги корейслар ассоциациясига совға қилинадиган бу иншоотни қуриш харажатини Жанубий Корея ҳукумати ўз зиммасига олган. Корея ўз ҳисобидан бу қурилиш учун 5 миллион долларга яқин маблағ ажратади¸ қурилишнинг бош пудратчиси қилиб Кореядаги SDAG E&C ширкати танланади. Қурилишни лойиҳалаштириш ва муҳандислик ишлари учун лойиҳа қийматининг 20 фоизини олган Корея ширкати ўз навбатида маҳаллий бош пудратчи қилиб Ўзбекистонда рўйхатга олинган “Sehwa Construction” МЧЖни танлайди.
Бу МЧЖ ҳам ўз навбатида Ўзбекистондаги ўнлаб ширкатларни қурилиш учун субпудратчи қилиб ëллайди (бу субпудратчилар рўйхати Озодлик ихтиëрида мавжуд).
Ўзбекистон ҳукумати ўз томонидан “Корея Республикасининг Маданият ва санъат уйи” қурилиши учун Яшнобод туманидан 4 гектар ер ажаратади ва бош пудратчига қатор имтиëзлар беришни ваъда қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 ноябрь (Мирзиëев президентликка келганидан сўнг) кунги 381-сонли махсус қарори билан “Sehwa Construction” МЧЖга мазкур объектни қуриши учун рангли металл ва цемент каби асосий қурилиш материалларини биржа нархидан 50 фоиз арзонга сотиб олиш ва қатор солиқ имтиëзлари берилади.
2016 йилнинг 20 май куни ўшандаги Бош вазир Шавкат Мирзиëев ва Тошкентга келган Жанубий Корея бош вазири Хван Кë Ан томонидан қурилишга старт берилади¸ субпудратчилар ишнинг дастлабки қисми учун ҳақни вақтида олади.
Аммо “Sehwa Construction” МЧЖ бош директори Cho Jongyoungнинг 19 апрель куни Озодликк айтишича¸ 2017 йил охирларига келиб¸ вазият кутилмаганда ўзгаради:
- Қурилиш 2017 йил июлидан бошланди. Шу йил ноябрида ҳеч бир изоҳсиз 381-сонли қарор ижроси бекор қилинди. Биржа президентнинг 2017 йил 14 ноябрь кунги 3386-сонли қарорини рўкач қилди. Шундан кейин биз сотиб олаëтган асосий қурилиш материаллари баҳоси икки-уч бараварга кўтарилди. Корея ҳукумати лойиҳага қўшимча пул ажратилмаслигини билдирди. Мен Ўзбекистон ҳукуматига бундай вазиятда қурилишни давом эттира олмаслигим¸ судпудратчиларим олдида қарздор бўлиб қолишимни вақтида айтдим. Аммо улар менга ниҳоятда кучли босим кўрсатишди – ë қурилишни тугатасан¸ ëки ўзингни қамоқда кўрасан¸ деган гапларгача эшитдим. Улар менга қурилишни давом эттир¸ қўшимча харажатларни биз компенсация қиламиз¸ деб оғзаки айтишди. Бу гапга ишониб¸ қурилишни давом эттирдим¸ дейди “Sehwa Construction” ширкати бош директори.
Қурувчи ширкат раҳбари¸ Ўзбекистон Бош вазири томонидан Корея маданият уйи қурилишини белгиланган 2018 йил декабри ўрнига 2018 йил июнигача тугатиш устида босим кўрсатгани шундоқ ҳам чигал вазиятни янада оғирлаштирганини айтади.
- Қурилишни тезлатиш¸ сарф-харажатни янада оширди. Бунга қурбим етмаслиги¸ Корея ҳукумати бошқа бир тийин ҳам ажратмаслигини айтганимдан кейин¸ ҳукумат топшириғи билан “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Тошкент филиали бизга 10 миллиард сўмга яқин кредит ажратди. Объектни 2018 йил сентябрида фойдаланишга топширдик¸ аммо бизни чув туширишди – Тошкент ҳукумати ваъда қилган компенсацияни бермади¸ оқибатда мен ҳозир 10 миллиард сўм (1 миллион 200 минг долларга яқин -таҳр.) дан кўпроқ қарз бўлиб ўтирибман¸ дейди “Sehwa Construction” МЧЖси бош директори Cho Jongyoung Озодлик билан суҳбатда.
Кредиторлар судга берди
Қурилишни охиригача битириб¸ келишувда белгиланган юзлаб миллион сўмлик хизмат ҳақини ололмай юрган ўнлаб ўзбекистонлик субпудратчилар¸ айни пайтда¸ ҳеч бир гаровсиз “Sehwa Construction” МЧЖсига (ҳукумат босими остида-таҳр.) кредит ажратган “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Тошкент филиали жорий йил бошида қарзни ундириб беришни сўраб Тошкент туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилади.
Февраль ойида мазкур суд “Sehwa Construction” МЧЖга банк ва даъвогар субпудратчилар олдидаги қарздорликни ëпиш учун бир ойлик муҳлат беради¸ ëпилмагач¸ қарор ижроси МИБга оширилади.
Бу қарор билан олдинма-кетин “Sehwa Construction” бош директори Cho Jongyoung ҳам иқтисодий судга ўз ширкатини банкрот деб топишни сўраб ариза киритади.
- Ваъда қилинган компенсацияни беришмаганидан кейин¸ банк ҳисобимдаги қолган пулларимни ҳам арест қилди – қандай қилиб бу қарзларни тўлашим мумкин? Мени ўзлари чув тушириб¸ яна ўзлари айбдор қилишаяпти! Ҳозир Тошкентда ҳам¸ Сеулда ҳам мени эшитадиган ҳеч ким қолмади¸ дейди Cho Jongyoung.
Озодлик суҳбатлашган кредиторлар ўзларининг катта ўйин қурбонлари бўлганини айтишди.
“Биз келишувда зиммамизга олган ишларни бажариб бўлдик. Оддий одамлармиз¸ ҳар хил ғирром ўйинларга унча ақлимиз етмайди. Биз жаноб Cho Jongyoungни мажбуриятини бажармаëтганликда айблаяпмиз. У эса сизга тепадагиларни айблаяпти. Бундан чиқади¸ бизни ҳам¸ жаноб Choни ҳам боплаб алдашди. Бу масала сиëсий жанжалга айланишидан қўрқиб¸ бизнинг оғзимизни ëпишга уринишмоқда. Биз ҳам ишчиларимизга ҳақини беришимиз керак. Биз кимга борайлик?” дейди ўз қарзи ундирилишини сўраб судга мурожаат қилган кредиторлардан бири шахси очиқланмаслигини сўраб.
Тешик тоғора билан қолган кореялик қурувчи
2015 йили Ўзбекистонда “Sehwa Construction” МЧЖ очгунга қадар ўзининг постсовет давлатлари ҳудудида Жанубий Кореянинг LG ширкати намояндаси бўлиб ишлаганини айтган 50 яшар Жанубий Корея ватандоши Cho Jongyoung Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон бизнес иқлимидаги ҳар хил ғирромликлардан яхши хабари бўлмаганини айтади.
- Мен ҳукумат¸ шахсан Бош вазирнинг оғзаки гапига ишониб¸ шу аҳволга тушдим. Ҳозир ҳамма мендан безор. Эртага иккала президент мен шунча азоб ва машаққат билан вақтидан олдин қуриб топширган “Корея Республикасининг Маданият ва санъат уйи”нинг тантанали очилишига боради. Мени бу маросим яқинига ҳам йўлатишмаяпти. Уч кун бурун менга Корея президенти сафарига соя солмаслик учун қандайдир чоралар таклиф қилишди. Лекин булар ҳам ҳозирча оғзаки гап¸ холос. Мен ҳеч кимнинг пулини еб кетганим йўқ¸ қурилишга ажратилган маблағнинг тийин-тийинигача қаерга сарфлангани аудит қилинган. “Sehwa Construction”ни очишдаги 1 миллиард сўмлик капиталимдан ҳам ажраб ўтирибман ¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Cho Jongyoung.
Озодлик Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари орасидаги муҳим лойиҳани бажариб¸ банкрот бўлганини эълон қилган “Sehwa Construction” МЧЖси вазиятига оид ҳукумат томони изоҳини ўрганиш мақсадида Яккасарой туман МИБ мутасаддиси ва “Ўзсаноатқурилишбанк” ҳуқуқий бўлими вакили билан боғланди. Улар Cho Jongyoung ва кредиторлар берган маълумотларни қисман тасдиқлаган ҳолда¸ Озодлик саволларига охиригача жавоб бермасдан¸ суҳбатни узиб қўйди.
Озодлик ҳозирча Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповдан бу қурилиш билан боғлиқ молиявий можарога оид муносабат олиш имконига эга бўлмади.