Ўзбекистон ҳукуматида тиббиёт ходимларининг ойлик маошини кўпайтириш бўйича ҳозирча ечим йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2025 йилги давлат бюджети лойиҳаси кўриб чиқилган 26 ноябрдаги мажлисида билдирган.
Kun.uz нашри хабарига кўра, депутат Қизилгул Қосимова ҳукуматнинг иқтисод-молия шуъбаси раҳбарига тиббиёт ходимларининг иш ҳақи нисбатан пастлиги, шу сабаб малакали кадрлар хусусий секторга ўтиб кетаётгани хусусида савол берган.
Қўчқоровнинг таъкидлашича, президент Шавкат Мирзиёев “юқори малакали, ўз ишига виждонан ёндашадиган, одамларнинг соғлиғини қадрлайдиган тиббиёт ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашни жиддий яхшилаш” топшириғини берган.
“Энди, иш ҳақининг қанчаси кўп, қанчаси кам – ўзингиз яхши биласиз, жудаям мураккаб савол... Лекин масаланинг энг мураккаб томони шундаки, ҳаммага 15 фоизга, ё 50 фоизга, балки 40 фоизга кўпайтириш биз кутаётган натижани берадими-йўқми деган савол бор. Шунинг учун топшириқ шундай бўлганки, олдинда юраётган, малакаси юқори бўлган, ўзининг ишини сидқидилдан бажараётган тиббиёт ходимларининг ойлигини кўпайтириш бўйича, тўғриси, ҳозир ечимларимиз йўқ”, деган иқтисодиёт ва молия вазири.
Ҳукумат мулозими масала ечими бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини таъкидлаган.
Расмий статистикага кўра, соғлиқни сақлаш тизими таълим жабҳаси каби коррупция кўп учрайдиган йўналиш саналади.
Жорий йил 21 сентябрь куни Сенатда тақдим этилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича учинчи миллий маърузада ҳам бу турдаги оид жиноятлар бўйича судланган шахсларнинг аксарияти таълим муассасалари, банклар, ҳокимликлар ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари ходимлари экани айтилган.
Таҳлилчилар тиббиёт тизимида коррупция кенг ёйилгани сабабларидан бири сифатида соҳа вакилларининг маоши камлигини ҳам кўрсатади.