Исроил армияси расмий вакили Даниэль Хагари Ғазо шимолини 8 ноябрь куни 50 минг тинч аҳоли тарк этгани тўғрисида маълум қилди. Улар гуманитар йўлак орқали Ғазо жанубига ўтган.
Расмийнинг айтишича, ғазоликлар “бўлга жануби нисбатан бехатар эканини тушунган ҳолда” шимолни тарк этмоқда. Хагари ҲАМАС бўлга шимолида назоратни қўлдан чиқарганини ҳам иддао қилди. Бироқ ҲАМАС бу иддаони рад этди.
БМТ ҳозирча 8 ноябрь куни Ғазо шимолидан жанубга қочганлар сони тўғрисида маълумот бермади. 7 ноябрда Ғазодан 15 минг киши чиқиб кетгани айтилган эди.
Исроил армияси Ғазо шаҳрини қамал қилиб, бўлга шимолини жанубдан ажратиб қўйган. Шундан сўнг Исроил тинч аҳоли жанубга ўта олишини таъминлаш мақсадида гуманитар йўлак ташкил қилган. Исроил ҳукумати тинч аҳолини ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт якунлангунига қадар шаҳарни тарк этишга чақириб келмоқда.
Исроил ҳукумати расмий вакили Эйлон Леви Ғазо шаҳрида яна юз минг аҳоли қолаётгани тўғрисида билдирди.
Қатор мамлакатларда, жумладан, АҚШда террор ташкилоти сифатида эътироф этилган ҲАМАС БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигини Ғазо шимолидаги аҳолини жанубга кўчириш масаласида Исроилга кўмаклашаётганликда айблади. ҲАМАСга кўра, бу гуманитар инқироздир.
Айни пайтда ҲАМАС расмийлари Ғазо бўлгаси аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятига эга эмасликларини бир неча бор билдирганлар. ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Ҳалил ал Ҳайё The New York Times газетасига берган интервьюсида: “ҲАМАСнинг мақсади Ғазони бошқариш, уни сув, иссиқлик, ёнилғи ва бошқа нарсалар билан таъминлаш эмас, балки Фаластин масаласи диққат марказида бўлиши учун дунёни уйқудан уйғотишдир”, деб айтди.
Аввалроқ ҲАМАС сиёсий бюросининг яна бир аъзоси Муса Абу Марзук RT мухбири саволига: “ҲАМАСнинг ерости туннеллари ҲАМАС жангчилари учундир, тинч аҳолини ҳимоя қилиш билан эса БМТ шуғулланиши даркор”, деб жавоб қайтарган.