Исроил армияси пиёда қўшинлари Ғазо шаҳрини тўлиқ қамал қилди. Бу ҳақда Исроил армияси расмий вакили Дэниэль Хагари билдирди. Унга кўра, ҲАМАС билан сулҳ ёки оташкесим ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
БМТнинг Ғазодаги тўртта мактаби бомбапаноҳга айлантирилди. Улар сўнгги бир сутка ичидаги бомбардимонлардан зиён кўрган. БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги Жабалия қочиқнлар лагеридаги мактаб бомбардимон қилингани оқибатида 20 киши ҳалок бўлганини билдирди.
Ғазо шаҳрида 640 минг киши яшайди, бу бўлга аҳолисининг 35 фоизини ташкил қилади. Исроил Ғазо шаҳри ҲАМАС фаолиятининг асосий марказига айланганини иддао қилиб келади. Исроилга кўра, ҲАМАС шаҳарда мураккаб инфраструктура, жумладан, ер ости туннелларини барпо қилган.
2 ноябрда Ғазони чет элликлар ва яраланган фаластинликлардан иборат 400 киши тарк этди. Улар Рафах чегара пости орқали Мисрга ўтди. Рафахдан Ғазога 2 ноябрда яна 45 та юк автомашинасида инсонпарварлик ёрдами олиб ўтилди.
Чет элликларни ўтказиш учун Рафах чегарасини очган Миср ҳукумати Ғазодан яна 7 минг кишини олиб чиқиш бўйича ишлар давом этаётганини билдирди. 1 ноябрда бу чегара пункти орқали 350 чет эллик ва 80 нафар яраланган фаластинлик Мисрга ўтган эди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, Исроил Европа давлатларидан яраланган фаластинликларни даволаш учун Ғазо бўлгасига кема-госпиталларни жўнатишни илтимос қилмоқда.
Исроил армияси Ғазода “Темир қиличлар” амалиётини ўтказмоқда. ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 9 мингдан кўпроқ киши ўлганини, уларнинг учдан икки қисми аёллар ва болалар эканини айтмоқда.
Исроилнинг билдиришича, 1400 киши, асосан тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 200 дан ортиқ киши гаровга олинган, уларнинг баъзилари чет эл фуқаролари ёки икки нафар Исроил фуқаролигига эга.
Ҳар икки томон келтираётган қурбонлар сонини мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз.