Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 15 сентябрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “Ҳизбут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилотига аъзо бўлган 10 кишининг жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар” ўтказилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қўлга олинганларнинг барчаси муқаддам “Ҳизбут-Таҳрир” аъзоси ўлароқ жазо муддатини ўтаб чиққан шахслар экани қайд этилган.
“Улар Интернет тармоғи орқали хорижда яшириниб келаётган “Ҳизбут-Таҳрир” ДЭТ аъзолари билан алоқа қилиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва тарафдорлари сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келганлар”, дейилган ИИБ хабарномасида уларнинг уйларидан ва телефонларидан ташкилотга оид адабиёт ва материаллар чиққани ҳамда уларнинг процессуал тартибда расмийлаштирилиб, олиб қўйилгани иддао қилинган.
Ҳозирда бу кишиларнинг “ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарликка тортиш мақсадида тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилаётгани”ни урғулаган вазирлик фуқароларга диний экстремистик ташкилоти сафида фаолият олиб бориш, ғояларини қўллаб-қувватлаш, материалларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда тарқатиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлишини эслатган.
Озодлик ўтган ҳафта Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида “Ҳизбут- Таҳрир”га аъзоликда гумонланган 29 нафар аёл қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.