ИИВ “Салимбой”нинг вафотига оид маълумотларни рад этди

"Озодлик" манбаларига кўра, Салим Абдувалиев айни пайтда ДХХ тергов ҳибсхонасида сақланмоқда

Ўзбек жамоатчилиги орасида “Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиевнинг вафот этганига оид маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов маҳаллий нашрларга маълум қилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда YouTube видеохостингидаги “Автортет” канали маълумотига асосан 74 ёшли Салим Абдувалиев вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган, кўп ўтмай эса бу маълумотнинг “фейк” экани ҳақида постлар пайдо бўлган эди.

Маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган Салим Абдувалиев 2023 йил охирида Ўзбекистонда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбири давомида қўлга олинган эди.

У жорий йилнинг 19 мартида жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ёпиқ мажлиси ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 248-моддасида (Ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

"Озодлик" манбаларига кўра, Салим Абдувалиев суд ҳукми устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқидан фойдаланмаган. Унинг ҳозирда Давлат хавфсизлиги хизмати тергов ҳисбхонасида сақланаётгани айтилади.

Қонунчиликка зид бундай амалиётдан кўзланган мақсад маълум эмас. Аслида у Жиноят процессуал кодекси талабларига кўра, бу вақт ичида жазони ижро этиш колониясига этап қилиниши лозим эди”, деганди ўзбекистонлик манба “Озодлик” билан ўтган ҳафта ўтказилган суҳбат чоғида.

Аввалроқ “Озодлик” Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 5 август куни айни пайтда қамоқда бўлган Салим Абдувалиевни халқаро қидирувга бергани ҳақида хабар қилган.