ИИВ Андижон ИИБ ходимларининг SizdanTelegramда чиққан шикоятига жавоб берди

"Бугунги кунда баъзи ижтимоий тармоқларда уларнинг таҳририятига гўёки аниқ бир шахс томонидан хабар берилиб, тасдиқланмаган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳолатларни бўрттириб ёзиш, умумий гаплар билан аниқ фактларга асосланмасдан ёлғон маълумотлар тарқатиш ҳолатлари кўпаймоқда", деб бошланади Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг 21 февраль кунги баёноти. Ҳужжат вазирликнинг Telegram каналида эълон қилинди.

"Расмий муносабат: - “Ички ишлар ходими дардини тўкиб сочди” номли мақола юзасидан", деб сарлавҳаланган материалида вазирлик "гапининг исботи сифатида, шу йилнинг 19 февраль куни “Ички ишлар ходими дардини тўкиб сочди” сарлавҳаси билан тарқатилган мақолани мисол қилиб" келтирган.

Вазирлик тилга олган "мақола" аслида мақола эмас, балки Озодликнинг SizdanTelegram лойиҳасида эълон қилинган, "Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ходими", деган имзо билан келган хат эди. ("SizdanTelegram" лойиҳасида тингловчидан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади)

Ўша хатда, жумладан мана бундай дейилган:

"Жиноятчиликни яшириш бутун республика буйича оммалашмоқда. 10 январ кунги селектрдан кейин ҳамма шу йулга ўтди. Аммо жиноят камайди деб айтиш ёлғонку, президентни алдаш. Одамларда иш бўлмаса, пул бўлмаса нима қилади? Ўғирлик қилади, жиноий гуруҳларга чора кўрилмаса оғир ва ўта оғир жиноятлар бўлаверадида. Жиноятчилик рақамларини сунъий камайтирганлар президентга ёқади лекин ҳакикий ҳолатни кўрсатганлар лавозимдан кетади. Шуми ҳақиқат? Буни ҳозир хаммамиз билиб булдик. Тўлиқ кузбўямачиликка ўтилди".

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг 21 февраль кунги баёноти давомида бундай дейилган:

"Мақолада жиноятчиликни яшириш оммалашгани ҳақида сўз юритилган. Бу фикр мутлақо нотўғри, чунки айни вақтда ички ишлар органлари навбатчилик қисмларига ўрнатилган телефонлар компьютерга махсус дастур орқали уланган ва ҳар бир берилган хабар автоматик тарзда рўйхатга қўйилади. Шунинг учун жиноятни яширишнинг умуман имкони йўқ.

Яна мақолада жиноятни фош этиш учун ходимларда тажриба, замонавий техникалар, хизмат автотранспорт воситалари етишмаслиги ҳақида гапирилган. Аслида тажрибали ходимлар ички ишлар органларида жуда кўп, жиноятларни фош этишда уларнинг амалий меҳнат фаолияти катта роль ўйнамоқда.

Бугунги кунда хорижий ва қўшни давлатлар ички ишлар тизимлари ходимлари билан тажриба алмашиш юзасидан самарали муҳим учрашувлар, семинарлар ўтказилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Сўнгги йилларда тизимга республика раҳбарияти томонидан катта эътибор берилиб, ходимлар учун замонавий бинолар қурилди ва фойдаланишга топширилди.

Тезкорликни ошириш мақсадида, ташқи хизматлар жаҳон стандартларига жавоб берадиган алоқа воситалари, гумонланувчининг шахсни аниқлаш имкониятини берувчи мобиль қурилмалар билан таъминланди. Ҳамманинг хабари бор, Давлат раҳбарининг ташаббуслари билан республикада хизмат олиб бораётган барча профилактика инспекторлари имтиёзли кредит асосида автомашиналарга эга бўлдилар, ўз хизмат ҳудудларида уларга хизмат уйлари ажратилди. Бошқа йўналишларда хизмат олиб бораётган ходимлар ҳам янги хизмат автомашиналари билан босқичма-босқич таъминланмоқда.

Шу ўринда, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан жиноятни ҳисобдан яшириш ҳолатларини аниқлаш ва айбдорларга нисбатан кескин кураш олиб борилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йилда Андижон вилояти бўйича жиноятни ҳисобдан яширган 3 нафар ходим аниқланиб, жиноий иш қўзғатилган.

Улардан бирига нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланган ва қолган 2 нафарига нисбатан тўпланган ҳужжатлар судда кўриб чиқилмоқда. Келгусида ҳам жиноятни ҳисобдан яширган ходимларни аниқлаш ва уларга нисбатан кескин чоралар кўриш ишлари тизимли давом эттирилади", - дейилган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг 21 февраль кунги баёнотида.