Ҳукумат қарори: “Умра” хизмати кўрсатадиган туроператорлар захирага 100 000 доллар қўйиши шарт

"Умра" сафарига йўл олган ўзбекистонлик зиёратчилар (архив сурати)

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 ноябридан “Умра” тадбирлари муайян талаб ва шартлар асосида фақат маҳаллий туроператор томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 8 август куни қабул қилинган “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Қарорга мувофиқ, “Умра” хизматларини кўрсатмоқчи бўлган туроператорлар қўшимча лицензия олиш учун аввало 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиши лозим бўлади.

Туроператорлар “Умра” хизмати кўрсатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан шартнома тузиб, идоранинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисини зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб тайинлаши керак.

Бундан ташқари, “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши лозим.

Туроператорларга вояга етмаган фуқароларга “Умра” хизматларини кўрсатиш тақиқланади.

Шунингдек, “Умра” хизматларини Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш талаб этилади.

Ҳукумат қарорида 2023 йилнинг 1 октябридан “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилиши қайд этилган.