HRW Хитой мусулмонлар тўғрисида маълумотлар йиғиш учун махсус дастурдан фойдаланганини маълум қилди

Шинжондаги бир манзара.

Human Rights Watch (HRW) халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Шинжон-Уйғур мухториятида лагерларга қамалган уйғурлардан 2 минг нафарига оид маълумотларни ўрганди. Шундан келиб чиққан ҳолда, ташкилот Хитой ҳукумати мусулмонлар тўғрисида маълумотларни йиғиш учун махсус дастурдан фойдаланган, деб ҳисоблайди.

Ташкилот ҳисоботида билдирилишича, тадқиқот 2018 йилда “Эркин Осиё” радиоси томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосланган. Ташкилотнинг таъкидлашича "Оқсу туманидан олинган рўйхатда полициянинг махсус дастури мусулмонлар тўғрисида маълумот йиққани ва қамалиш шарт деб ҳисобланган одамларни белгилаб қўйгани аниқ кўриниб турибди".

Хитой ҳукумати халқаро ташкилотнинг бу ҳисоботини “инкор қилиш учун ҳам вақт сарфлашга арзимайдиган тадқиқот”, деб атади.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади.

Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.