Human Rights Watch (HRW) халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Хитой ҳукумати икки минтақада масжидлар сонини қисқартираётганини танқид қилди.
22 ноябрда ташкилот эълон қилган янги ҳисоботда Нинся ва Ганьсу вилоятларида “масжидлар консолидацияси” сиёсати доирасида масжидларнинг қисқартирилаётгани диний эркинликнинг бузилиши сифатида тавсифланган.
Ҳисоботда Хитой ҳукумати масжидларни ёпаётгани, бузиб ташлаётгани ёки бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланаётгани айтилади. Масжидлардаги ўзига хос ислом архитектураси, жумладан, миноралар бузиб ташланмоқда.
Ҳисоботда қайд этилишича, Хитой Коммунистик партияси “масжидлар консолидацияси” тўғрисидаги ҳужжатни биринчи маротаба 2018 йилда қабул қилган. Ҳужжатга асосан, исломни “хитойлаштириш” сиёсати олиб борилади ва давлат органларига “мусулмонлар ибодат қилувчи жойларни қуришда, таъмирлашда ва кенгайтиришда қабул қилинган стандартларга амал қилиш” мажбурияти юкланади.
Исломни “хитойлаштириш” сиёсатига мувофиқ янги масжидлар қурилиши чекланади, бузилган масжидлар сони янги қурилаётган масжидлар сонидан кўпроқ бўлиши лозим.
Халқаро ташкилотлар бир неча йиллардан бери Шинжон-Уйғур мухториятида камида бир миллион мусулмон “сиёсий қайта тарбиялаш” лагерларида сақланаётганидан ташвиш билдириб келади.
БМТ Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухториятида олиб бораётган мусулмонларга қарши сиёсатини “инсониятга қарши жиноят” билан тенглаштирган.