Афғонистонда 2021 йил августида ҳокимият тепасига қайтганидан кейин “Толибон” ҳаракати аёллар ва қизлар ҳуқуқлари бўйича дунёда энг жиддий инқирозни юзага келтирган. Бу ҳақда 11 август куни Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнот тарқатди.
Ташкилот баёнотида толиблар режими чоғида Афғонистон ўсмир қизларнинг олтинчи синфдан кейин мактабга бориши тақиқланган жаҳондаги ягона мамлакатга айлангани айтилган.
HRW баёнотида толиблар аёлларнинг ҳаракат эркинлиги ҳуқуқига путур етказишгани, улар учун бандликнинг кўплаб шаклларини тақиқлашгани, гендер зўравонлигига дуч келаётган аёллар ва қизларни ҳимоя қилиш чораларини бекор қилишгани, тиббий ёрдам олиш учун тўсиқлар қўйишгани, спорт билан шуғулланишга ва ҳатто паркларда юришга тақиқ жорий этишгани қайд этилган.
Афғон аёлларига босим Афғонистон рўбарў келаётган кенг кўламли гуманитар буҳрон манзарасида, шу жумладан гуманитар ёрдам етарли даражада молиялаштирилмаётган ва Покистондан афғонистонлик қочқинлар ёппасига қайтаётган бир шароитда кучайиб бормоқда.
“Аёллар ва қизлар Афғонистонда давом этаётган гуманитар буҳрондан энг кўп жабрланган кишилар сирасига киради”, дея билдирган халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти.
HRW қайдича, БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият масаласи бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннет Афғонистондаги жорий вазиятни “аёллар ва қизлар дискриминацияси, сегрегацияси, инсоний қадр-қиймати ҳурмат қилинмаслиги ва бегоналаштирилишининг институционаллашган тизими” ўлароқ тавсифлаган.
“Толибон”нинг қаттиққўл бошқаруви остида афғон аёллари ва қизлари энг даҳшатли ҳиссиётларни бошдан кечиришмоқда”, дея билдирган HRWнинг Осиё бўлими тадқиқотчиси Ферешта Аббосий.
У хорижий ҳукуматларни “Толибон” раҳбарияти ва Афғонистондаги жиддий жиноятларда айбдор бўлган барчани жавобгарликка тортиш бўйича саъй-ҳаракатларни дастаклаш”га чақирган. Аббосий Кобулда “Толибон” ҳукумати билан ҳамкорлик қилаётган мамлакатлар толибларга аёллар, қизлар ва Афғонистондаги барча фуқароларга нисбатан суиистеъмол ҳолатлари бу мамлакатнинг халқаро ҳуқуқ соҳасида зиммасига олган мажбуриятларини бузишини доимий равишда эслатиб туришлари лозимлигини таъкидлаган.
БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпи — 23 миллион киши — бугунги кунда озиқ-овқат етишмаслигидан азият чекмоқда. HRW “Толибон” вакиллари томонидан аёллар ва қизларга нисбатан жорий қилинган чекловлар уларнинг тиббий ёрдам олиш олишини қийинлаштираётгани ва бу билан уларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқини хавф остига қўяётганини қайд этган. Толиблар томонидан жорий қилинган қизлар таълимига оид тақиқ келажакда соғлиқ сақлаш соҳасида аёл хизматчилар етишмай қолишига олиб келади, дея огоҳлантирган HRW вакиллари.
Ҳуқуқбонлик ташкилоти донор мамлакатларни Афғонистондаги гуманитар инқирозни юмшатиш учун чоралар кўришга чақирган. Бу чоралар, HRW ҳуқуқбонлари таъкидича, толибларнинг афғон аёллари ва қизларига нисбатан қатағон сиёсатини мустаҳкамлашга ёрдам бермаслиги керак.