БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 51-сессиясида Ўзбекистон ва қатор мусулмон давлатлар Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётганини муҳокама қилинишига қарши овоз берди.
БМТнинг Женева бўлими расмий сайтида билдирилишича, бу масала 6 октябрда кун тартибига қўйилган. Уни 17 давлат қўллаган, 19 давлат қарши чиққан ва 11 давлат бетараф қолган.
Қўллаган давлатлар: Чехия, Финландия, Франция, Германия, Гондурас, Япония, Литва, Люксембург, Маршалл ороллари, Черногория, Нидерландия, Парагвай, Польша, Жанубий Корея, Сомали, Буюк Британия ва АҚШ.
Қарши давлатлар: Боливия, Камерун, Хитой, Кот-д'Ивуар, Куба, Эритрея, Габон, Индонезия, Қозоғистон, Мавритания, Намибия, Непал, Покистон, Қатар, Сенегал, Судан, БАА, Ўзбекистон ва Венесуэла.
Бетараф давлатлар: Аргентина, Арманистон, Бенин, Бразилия, Гамбия, Ҳиндистон, Ливия, Малави, Малайзия, Мексика ва Украина.
БМТнинг истеъфога кетаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет августнинг охирида Хитой ҳукуматини Шинжон мухториятида уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларни қамаш ва таъқиб қилиш ортидан «инсониятга қарши жиноятлар» содир этишда айблаган эди.
БМТ расмийси Хитойни зудликда қамоқларда ноқонуний сақланаётган мусулмонларни озод этишга чақирди. Унга кўра, Шинжонда уйғурларнинг камситилаётгани, қамоқларда «системали тарзда қийноқлар қўлланилаётгани» тўғрисидаги маълумотлар ишончлидир.
Шинжонда 1 миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа мусулмон озчиликларни қамоқхоналарга ва лагерларга ташлаган. Пекин у ерда инсон ҳуқуқларини жиддий поймол қилганликда, шу жумладан, ушбу гуруҳларнинг маданий ўзлигини йўқ қилиш йўлида кенг қамровли кампанияни йўлга қўйганликда айбланмоқда.
Айни пайтда Хитой Шинжонда мусулмонлар ҳуқуқлари бузилаётганини инкор қилиб келмоқда ва бу ҳолатни террорчиликка, экстремистликка ва сепаратизмга қарши кураш билан изоҳламоқда.
Ўзбекистон тарихда биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2020 йилнинг 13 октябрда ўтказилган Бош ассамблеясида уч йиллик муддатга сайланганди.
БМТ Бош ассамблеяси органи ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 47 та дават аъзодир. Кенгаш аъзолари уч йиллик муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади.