Ўзбекистонга Хитойдан 20 июль куни яна 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, шу тариқа мамлакатга олиб келинган ўзбек-хитой вакцинаси миқдори 7,5 миллион дозага етган. Бундан 1 миллиони март ойида, 1 миллиони апрель ойида, 1,5 миллиони май ойида, 3 миллион дозаси эса июнь ойида келтирилган.
Аввалроқ "Спутник V" вакцинасидан 370 минг доза, AstraZeneca вакцинасидан эса 710 минг доза олиб келингани эътиборга олинса, сўнгги партия билан Ўзбекистондаги вакцина захираси 8 миллион 580 минг дозага етгани маълум бўлади.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш шу йил 1 апрелидан бошланган. Аҳолининг аксар қисми ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланмоқда.
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар сони 1 миллион нафардан ошгани ҳақида маълумот тарқатган.
Қурбон ҳайитидан олдинги ҳафтада Ўзбекистон мусулмонлар идораси “вакцина олмаслик дуруст эмас” дея фатво берган.