АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис 29 август куни Демократик партиядан президентликка номзод ўлароқ АҚШ оммавий ахборот воситаларига илк интервьюсини берди
CNN телекомпанияси билан суҳбатда Ҳаррис Демократик партиянинг ўтган ҳафтада якунланган қурултойи чоғида очиқлаган тезисларига урғу берган. “Оқ уйдаги илк кунингизда нималар қилмоқчисиз?” деган биринчи саволга жавобан Ҳаррис ўзи учун энг устувор вазифа “ўрта синфни дастаклаш” бўлишини айтган.
“Мен одамлар олға интилишга тайёр, деб ўйлайман”, дея таъкидлаган АҚШ президенти лавозимига номзод Камала Ҳаррис.
У америкалик сайловчилар учун муҳим бўлган масалалар, шу жумладан иммиграция тизимини ислоҳ қилиш ва Исроилни дастаклашда давом этиш зарурлиги масалаларида президент Жо Байден олиб борган сиёсатга содиқ қолишини тасдиқлаган.
Ҳаррис ўтган тўрт йил мобайнида Байден маъмурияти Қўшма Штатларда замонавий саноат яратилишига инвестициялар жалб қилинишини, “яшил индустрия” ривожланишини, мамлакат инфратузилмаси янгиланишини кафолатловчи қонунлар қабул қилинишига эришганини эслатиб ўтган.
Камала Ҳаррис танқидчиларининг асосий эътирозларидан бири АҚШ вице-президенти бўлиб ишлаган йилларида у турли масалалар бўйича қарама-қарши фикрлар билдиргани, Демократик партия сўл либерал қанотининг ёрқин вакиласи ўлароқ танилгани, масалан, аввалига сланецли нефть қазиб олинишини тақиқлаш тарафдори бўлиб, кейинчалик бу позициясидан воз кечгани бўлиб ҳисобланади.
“Менинг қадриятларим ўзгаргани йўқ”, дея таъкидлаган Камала Ҳаррис. Ҳаррисга кўра, у муҳим масалалар бўйича муросага эришилишига уринмоқда, холос.